Декабр 13, 2018 70

ЖАДИДЧИ МАЪРИФАТПАРВАРЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҚАРАШЛАРИ

Кишилик жамиятининг ривожланиш тамаддунига назар ташласак, инсонлар доимо табиат ва жамиятни билиш истаги билан яшаган ҳамда яшаб келмоқда. Уларнинг нафақат билишгина эмас, балки олинган билим ва тажриба асосида уни ўзгартиришга интилиш – жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳамда иқтисодий ривожланишга замин яратишини таъкидлаш ўринли. Ана шундай улкан ўзгаришлар ва ривожланишларга замин яратган аждодларимиз XIX аср охири ва XX аср бошларида маърифатпарварлик ғояларини игари сурган ва тарғиб этган жадидчилик маърифатпарварлик мактаби вакилларидир.

Айтиш жоизки, ўша даврда Туркистонда ҳукм сурган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий вазият ҳосиласи сифатида бу мактаб ҳаракати дунёга келган. Бир томондан Чор Россияси босқини, иккинчи томондан эса маҳаллий амалдорларнинг зулми мамлакатда иқтисодий танглик, маърифий қашшоқлик ва миллий нифоқни келтириб чиқарди. Бу зиддиятли даврда ўлкани ғафлат ва маърифатсизлик ботқоғидан олиб чиқиб кетиш йўлларини пешқадам маърифатпарвар зиёлилар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Сўфизода, Тавалло ва уларнинг бошқа сафдошлари излаган эдилар. Улар эл тақдири, халқ истиқболи ва ўлканинг равнақи учун қуруқ сўз эмас, балки иймон ва виждон амри билан иш кўрдилар. Шуни таъкидлаш жоизки, улар тарихий вазиятни объектив баҳолаб, фақат маърифатни билиш, илмли бўлиш орқали халқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниши ва ўлкада миллий-демократик жамият қуриш йўлини танлашига тарғиб қиладилар.

Бу борада жадидчилик ҳаракати намоёндалари серқирра фаолиятни амалга оширган. Бироқ, биз тадқиқ этаётган жиҳати бу жадидчи маърифатпарварлар ва уларнинг асарларидаги иқтисодий ғояларга қаратилади. Уларнинг иқтисодий қарашларида халқаро муносабатлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб ўша даврда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг шаклланишига туртки бўлган. Биргина мисол, Маҳмудхўжа Бебудийнинг Яқин Шарқ мамлакатларига қилган сафари, Қозон, Нижний Новгород, Москва, Петербург сингари шаҳарларга бориши, Фитратнинг Туркияда бир неча йил истиқомат қилиши - нафақат бу ёзувчилар, балки умуман ўзбек жадидчилари ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маърифий ва адабий қарашларининг вужудга келишига катта таъсир кўрсатди. Айниқса, Фитратнинг Туркияда ёзган “Мунозара” ҳамда “Ҳинд сайёҳи баёноти” асарлари ўзбек жадидчиларининг ғоя ва эътиқодларини акс эттириб, ғоявий дастур вазифасини бажарди.

Яна бир жадид вакили, ҳамюртимиз Чўлпон ўз ғоясини Муҳаммадиёр тилидан шундай ифодалаган эди: “Халқ ўз фойдасини англаса, миллий мактаб ва мадрасалар очса, Оврўпа дорилфунунларига болаларини юборса, доктор, адвокат, муҳаррир ва ҳунарманд, савдогар ва муҳандислар чиқса, буларнинг ҳар бири ўз вазифаларида туриб ишларини тартиб билан юргизсалар, халқимизнинг фойдасини кўргазсалар нақадар олий ва нақадар гўзал бўлар эди”.

Ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий 1908 йили жадидларнинг илк газетаси-“Шуҳрат”да чоп этилган мақолаларидан бирида, туб аҳоли вакилларидан муҳандислар, қонуншунослар, шифокорлар ва иқтисодчилар тайёрлаш учун ёшларни хорижий мамлакатларга юбориш лозимлигини кўрсатиб ўтади. Жадид арбобларимиз чет элга билим олиш учун отланаётган ёшлар йўналишини белгилашаётганда, ўз юртларини тезроқ машиналашган мамлакатга айлантиришни, бу мақсад эса юқорида тилга олинган ёшлар қўли билан амалга ошишини назарда тутганлар, албатта. Маҳмудхўжа Беҳбудий яна шундай дейди: “Мусулмон киши тўрт тилни билиши зарур. 1)турк (миллий), 2) араб (ислом дини), 3) рус (Россия) ва 4) француз (хориж билан алоқа учун)”.

Дарҳақиқат шу ўринда бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимизда улар орзу ва мақсад қилган барча йўналишлардаги ишлар амалга оширилиб ўз натижаларини, яъни ўз меваларини бераётганлигини фаҳр билан эътироф этишимиз жоиз. Шу ўринда Хоразмлик ҳасос шоиримиз Аваз Ўтарнинг ўтли мисралари фикримизни тасдиқлайди:

Ҳар тилни билув эмди, одам жондир,

Тил воситаи-робитаи оламиёндир.

Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,

Ким илм-у ҳунарлар ривожи андин аёндир.

Илм-фан уйларига юборинглар болангизни,

Онда ўқиганлар бори, яктойи замондир.

Зор ўлмасин, онлар доғи тил билмайин Аваздек,

Тил билмаганидин анинг бағри - тўла қондир.

Таъкидлаш жоизки, уларнинг фаолияти фақат бадиий асар ва публицистик мақолалар, ижтимоий-сиёсий-ҳуқуқий дастурлар яратиш билан чегараланмаган. Улар халқ хўжалигини, замонавий усулда яратилажак давлатни бошқариб кетишга ҳам қобил инсонлар эди. Дарвоқе, жадидларнинг кўпчилиги қаламкаш ва айни пайтда ташкилотчи ҳам эди. Тарихдан биламиз, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Муҳаммад Раҳимхон Феруз каби давлат арбоблари бир қўллари билан қалам тебратган бўлсалар, иккинчи қўллари билан юртни тебратганлар!.

Таҳллилар шуни кўрсатмоқдаки, агар ўзбек жадидчилиги ўз тарихининг биринчи босқичида асосан маърифий оқим сифатида намоён бўлган ва бу даврда жадидларнинг таълим ислоҳоти билан боғлиқ қарашлари тўла шаклланган бўлса, кейинги даврда уларнинг маърифий ғоялари миллий тараққиётнинг бошқа муҳим ва долзарб масалалари билан бойиди. Улар ўз ғояларида, ўлкани миллий тараққиёт йўлидан дадил бориши учун фақат маърифатнинг ўзи камлик қилишини сездилар. Бинобарин, Маҳмудхўжа Беҳбудий айтади: “Туркистон Эски дунёнинг Америкасидур. Пахта, маъдан, ғалла, хулоса, ҳар нимарса бор. Туркистон олтиндур”. Беҳбудийнинг бу фикрида катта маъно бор эди. Туркистоннинг миллий бойлигидан фойдаланиш – ер ости бойликларини илм-фан ёрдамида қазиб олиш, қайта ишлаш ва уни маҳсулот сифатида сотиш, бир томондан, тижоратнинг ривожланишига, миллий сармоядорларнинг кўпайишига имконият туғдирса, иккинчи томондан, ўлканинг миллий тараққиёт йўлидан боришига кенг йўл очган, шарт-шароитларни яратган бўларди.

Жадидчи-маърифатпарварлар асарларини синчиклаб ўрганиш асносида шуни илғадикки, биринчи жаҳон уруши арафасида Туркистонда янги темир йўлларнинг қурила бошланиши билан ерларнинг нархи кўтарилган. Ўртаҳол деҳқонлар ерларини арзон-гаровга сота бошлаганлар. Абдурауф Фитрат ўзининг 1918 йилда ёзган “Темур сағанаси” номли асарида “Ўлкани тузатингиз, авлодларимнинг ҳур яшамоқларини таъмин этингиз. Агар шундай қилмасангиз, ўлка бир буюк мозорлик ҳолига келур”, деб жар солади. Шундай вақтда “Садои Туркистон” газетасида Убайдулла Хўжаев ва Чўлпон халққа ернинг қадр-қимматини тушунтирувчи мақолалари билан чиқишди. Пул ўткинчи, ер эса абадий қадрият эканини исботлаб бердилар. Уларнинг бундай чиқишлари халқ оммасини Она-Ватанга, Ватан ва авлодлар олдидаги бурч ва масъулият масалаларига ҳушёрлик билан қарашга чақирди.

Жадидчиларнинг иқтисодий қарашларини тасаввур этиш учун дейди- тарихчи олим Абдухалил Раззоқов, 1913 йилда “Туркистон овози” ва “Голос Туркестана” газеталарида кўтарилган қуйидаги уч масала ёрдам беради деб уқтиради.

  • Сибирь темир йўлидан то Афғонистон ва Эронгача жойда яшаётган барча ерли халқлар билан руслар орасида ҳуқуқ ва солиқлар соҳасида тенгликни вужудга келтириш.
  • Кўчманчи ҳаёт кечирувчи мусулмонларга қишлоқ ва шаҳарлардан жойлар бўлиб берилгунга қадар, кўчиб келаётган русларга ер бермаслик.
  • Замонавий маърифатни тарқатиш кабилар.

Жадид маърифатпарваларидан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг дунёқарашига назар ташласак, у ўзининг “Нима бизни кемираяпти ва орқага тортаяпти” деган мақоласида тўй ва дафн маросимларини назарда тутиб бутунлай ортиқча расм-русумлар ва уларга кетадиган сарф-харажатларни танқид этади-ки, бугунги кунда ҳам бу масала долзарблиги ва аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шунингдек, у ушбу мақоласида Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланиб, у оилаларнинг хонавайрон бўлиш хавфини келтириб чиқарувчи ҳодиса эканлигини тушунтиради.

Хулоса қилиб айтганда, XIX аср охири ва XX аср бошларида жадидчи ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий фикр оқимларининг шиддати сезиларли даражада ошганлигини эътироф этган ҳолда бугунги XXI асрда ҳам улар томонидан илгари сурилган ғояларнинг аҳамияти янада ошиб бораётганлигини таъкидламоғимиз жоиз.

Уларнинг эзгу орзу-умидлари фақат мустақиллик даврида амалга ошганлиги боис ҳам ҳозирги ҳамда келгуси авлод ўтмиш аждодларимиздан миннатдорлик-мамнуният ҳисси билан яшамоғи лозим.

Абдусалом МАҲСУТАЛИЕВ

Тошкент давлат аграр университети

Андижон филиали “Агробизнес ва инвестицион

фаолият” кафедраси доценти