Ноябр 29, 2018 111

ЯШИРИН САВДО ЁҲУД ЎТТИЗ МИНГ ДОЛЛОРЛИ СОҚОЛ

(митти ҳажвия)

Учрашиб қолишган икки қадрдон қария салом-аликдан сўнг бири-иккинчисига деди:

– Оғайнижон, шу маҳаллангни оқсоқоли эканлигингни эшитиб роса қувондим. Йигитлик вақтимизда қасам ичиб гапирсанг, фақат рост гапни сўзлардинг. Ҳозир ҳам шундаймисан?

– Ҳа шундай, ишонмасанг синаб кўр. Фақат рост сўзлашга қасам ичаман.

– Хўп, айтгинчи, кўчангдан беш юз сўм топиб олсанг нима қилардинг?

– Олиб, йўл четини кўринадиганроқ жойига қўйиб қўярдим.

– Мабодо, минг ё беш минг сўм бўлса-чи?

– Атрофни аланглаб, эгасини қидираман.

– Ўн минг ё йигирма минг сўм бўлса-чи?

– “Мана бу кимники?”, деб атрофга бақираман. Эгаси топилмаса маҳалладан ким пул йўқотганини сўраб, суриштираман.

– Энди беш юз минг ё бир миллион сўм топиб олсанг-чи?

– Қасам ичдимми, энди ростини айтамасам бўлмайди. Ҳеч кимга индамай, эгасини “Пул йўқотдим” дейишини кутаман. Эгаси маълум бўлгач, яхши “суюнчи” эвазига пул эгасига қайтарилади.

– Ҳа, энди ўттиз минг доллар топиб олсанг-чи? Атрофингда ҳеч ким бўлмаса, нима қилардинг?

– ...

– Гапир, ёки саволни қайтарайми?

– Оғайнижон, кўришмаганимиздан бери анча сергап бўлиб қолибсан. Аввал ўша долларни топиб олайин, кейин бир гап бўлар.

– Шу маҳаллани оқсоқолисан, лекин рост гапиришга қасам ичдинг. Пулни эгасини истаб, топиб, қайтарасанми ё йўқми? Қасамингга жавоб қил!

– Оббо, росаям эзма бўлиб қарибсан. “Бунақа сумма учун соқолдан ҳам воз кечиб юбораман”, десам қутуламанми сендан?

– Рост гапинг учун раҳмат оғайнижон. Бўлди, яширин савдойимиз пишди. Соқолинг ҳар қалай яхши нархга баҳоланди. Беш юз сўм учун ўзини сартарошга топшириб юборадиган соқолларни олдида, сен бемалол соқолинг билан фахрлансанг бўлаверади.

Исмоилжон РАҲМОНОВ

Андижон шаҳри