Сентябр 07, 2017 870

ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАЪФАРОН ПЛАНТАЦИЯЛАРИ: ЯНГИ ЛОЙИҲАНИНГ ФОЙДАСИ НИМАДА?

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 24-25 феврал кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида 2017-2019 йилларда ўрмон фонди ерлари ва фермер хўжаликларида доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Лойиҳага кўра, мамлакатнинг 23 туманида 50 гектардан зиёд майдонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш, унинг хомашёсидан фармацевтика саноатида фойдаланиш, маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Гулсафсардошлар оиласига мансуб заъфарон шамолдан пана, жануб томонга бироз қия бўлган, қуруқ тупроқларда ўсади. Уни экиш муддати ўсимлик тиним даврига ўтган вақтда, яъни июл-август ойларига тўғри келади. Заъфарон туганак пиёзлари 10 сантиметр узоқликда, 15 сантиметр чуқурликда, 60 сантиметр кенгликда экилади.

Заъфарондан олинадиган доривор хомашё – қизил рангли гул устунчаси октябр-ноябр ойларида терилади ва заъфарон тайёрлаш пунктларига юборилади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм доривор ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм хомашёнинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади.

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади.

Мамлакатда ушбу ўсимликни кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника боғи олимлари томонидан олиб борилди. Тадқиқотлар кўрсатишича, заъфарон Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд.

Халқ табобатида заъфарон ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилган. Абу Али ибн Сино заъфарон ичиш рангни чиройли, кўзни равшан, юракни қувватли, нафас аъзоларини соғлом қилишини ёзиб қолдирган.

Ҳозирги кунда ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Унинг таркибида 50 фоиздан ортиқ бўёқ берувчи кроцин, 2,7 фоиз ёғ, 0,32 фоиз эфир мойи, В, В2 витаминлари, азотли моддалар, қанд, калий ва калций бирикмалари мавжуд бўлиб, кўплаб касалликларни даволашда қўлланилади. Ўсимлик ўзига хос хушбўй ҳиди, ёрқин ранг ва таъм бериши боис турли таомларга қўшилади. Ундан қандолат маҳсулотлари, кремлар, музқаймоқ тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Заъфарон қўшилган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча кунгача сифатини йўқотмайди.

Жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ ва Китоб туманларида 4 гектардан, Шаҳрисабз туманида 3 гектар майдонда заъфарон плантацияларини барпо этиш мўлжалланмоқда. Ушбу ўсимликни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш, фармацевтика саноати эҳтиёжини таъминлаш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Лойиҳа тақдимотида ўсимликнинг шифобахш хусусиятлари, Ўзбекистонда заъфарон плантацияларини ташкил этиш бўйича иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда танланган туманлар, ўсимлик етиштириш агротехнологияси тўғрисида маълумот берилди.

Президент заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Заъфарон етиштириш учун мутахассислар тайёрлаш, бунинг учун алоҳида коллежни танлаш ва ёшларни ўқитиш, Тошкент давлат аграр университетида мутахассислар тайёрлаш лозимлигини та`кидлади.

Заъфарон ўсимлигини етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди. Бу марказда доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари турларини танлаш, илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш, ёш кадрларни соҳага йўналтириш, пировардида чет эл илғор технологияларини ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шафран ёхуд заъфарон жуда қадимдан буён инсонлар томонидан фойдаланилиб келаётган доривор ўсимликлардан бири. Бу ўсимликнинг ватани Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Ҳиндистон ҳисобланади. У Шумер цивилизацияси даврида ҳам мавжуд бўлган. Қадимги Крит давлатидаги сарой деворларида шафран тераётган одамлар тасвири чизилган. Эрамизгача бўлган даврдаги Хитой тиббий китобларида, 1500 йил олдинги Миср ёзувларида ҳам шафраннинг доривор хусусиятлари ёзиб қолдирилган. Бобур ўзининг “Бобурнома”сида Кашмир тоғ ва адирларида заъфарон ўсишини таъкидлаган. Ботаникада экма заъфарон (шафран, крокус) (Сросус сативус Л.) – кўп йиллик туганак пиёзли ўсимлик бўлиб, касатиклар оиласига мансуб. Бир жойда 5–7 йилгача яхши ҳосил беради. Шафран сўзи арабча “за-фран” сўзидан келиб чиққан бўлиб, заъфарон, сап-сариқ, сарғиш деган маънони англатади. Бугунги кунда шафран ўсимлиги Франсия, Италия, Туркия, эрон, Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Испания, Япония, Озарбойжон, Россия ва бошқа мамлакатлар ҳудудларида кенг тарқалган. У жуда қимматбаҳо ўсимлик бўлиб, бир грамм заъфароннинг нархи бир грамм олтин баҳоси билан тенг.

Европага бу ўсимлик араблар истилосидан кейин кириб келган. Озиқ-овқатга зиравор сифатида ишлатиб келинган. У жуда ёқимли ҳид ва хушбўйлик беради. Кўплаб овқатларга таъм бериш учун солинади. Улуғ алломамиз ибн Сино заъфаронни кўпгина касалликларга қарши қўллагани маълум.
Бундан ташқари, заъфарон асабийлашишда, юрак-қон томирлари, нафас йўллари касалликларида, сийдик ҳайдаш ва репродуктив органлар муаммоларида, иммунитетни ҳамда кўз кўришини яхшилашда, оғриқларни қолдиришда жуда фойдалидир. Шунингдек, мия фаолиятини фаоллаштиришда, рак касалининг олдини олишда ва инсонлардаги мутагенликни оширишда кенг қўлланилади.

Ушбу ўсимликнинг бир қанча ўхшаш турлари бўлиб, кўпинча бошқа турларни ҳам, масалан, Озарбойжонда имеритинский шафранни, Мексикада махсар гулларини, Ҳиндистонда куркумани заъфарон деб сотишади. Бизнинг бозорларимизда ҳам махсар гулларини заъфарон деб сотиш ҳоллари учраб туради. Бу ўсимликлар заъфарон билан бир оилага мансуб, аммо улар заъфарон эмас. Юртимизда заъфароннинг бир неча турлари эндем ҳолида учрайди, аммо уларни ўрганиш лозим.

Маълумотларга қараганда, дунёда етиштирилаётган заъфарон маҳсулоти миқдори жуда кам бўлиб, бор-йўғи 300 тоннани ташкил этади. Унинг 175 тоннаси Эронда етиштирилиб, 120 тоннаси экспорт қилинади.
Хўш, бу ўсимликни қандай етиштириш мумкин? Уни мамлакатимизда ўстириб бўладими? Шафран иссиқлик ва ёруғликни севади, у экилган тупроқ сувни яхши ўтказади. Заъфарон биологик хусусиятига кўра, тупроқда нам бўлган пайтларда ўсиб-ривожланади. Ёз келиши билан вегетациясини тўхтатади, экилган жойда намлик миқдори юқори бўлса, илдиз пиёзлари чириб кетади. Шунинг учун ёз пайтлари қуруқ тупроқда яхши сақланади. Унинг бир йилда икки марта гуллаши учун ўзига хос ҳаво ҳарорати зарур. Кузда гуллаши учун ҳавонинг иссиқлиги 12С бўлиши ва навларини тўғри танлаш лозим. Кўпчилик ҳолларда эрта баҳорда яхши гуллайди, бошқа ўсимликлардан фарқи бирданига барг ва гулининг ғунчаларини ҳосил қилишидадир. Бўйи паст бўлиб, 10–12 см.ни ташкил этади. Заъфароннинг очилган гули ўртасида уч дона оталик чангчилари бўлади, ана шу чангчилар териб олинади.

Бир килограмм заъфарон териш учун камида 200 минг ўсимликнинг гулидан оталик чангчилар йиғиб олинади. Заъфарон ўсимлиги бор йўғи 3 кун давомида гуллаб туради. Мана шу муддатда гуллардан уч дона чангчиларни териб олиш лозим. Бир пиёздан битта ёки учта катта гул ҳосил бўлади. Улар оч бинафша, тўқ бинафша, баъзан эса оч сариқ ёки тўқ сариқ рангда бўлади. Гуллари қўнғироқсимон бўлиб, олтита гул барги бор, уч дона оталиги кўриниб туради. Ана шулар териб олиниб, қуритилади ва сотилади ёки фойдаланилади. Оналиги чангланиб улгурган бўлса, қўнғироқча ичида уруғлари ҳосил бўлади.

Пиёзлар ёз пайтида экиб қўйилса, кузгача илдизлари жойлашиб олади, йирик туганаклари 8–10 см, майдалари 4–5 см чуқурликка экилади. Экишдан олдин жўякларга 1м2 майдонга бир пақир чириган гўнг солинади. Заъфарон пиёзлари бир жойда 4–5 йил туради, кейин уни қазиб олиб, яхшилаб қуритиб, калий перманганат эритмасига ботириб олгач катта-кичиклигига қараб қуритиб сақланади. Пиёзчалари ўсиб турган даврда кўпроқ болалаши учун кичик пиёзларни экиш мақсадга мувофиқдир. Унинг ҳосили бор-йўғи бир ҳафта давомида териб олинади. Ҳосилдорлиги ўта яхши агротехник ишлов берилганда бир гектардан 20 кг. ни ташкил этади. Одатдаги ҳосили эса 5–8 килограммга тенг. 1 кг гули 2500 дан 5000 АҚШ долларигача сотилади.


Испаниялик фермерлар шафрандан олган даромадига бир йил давомида бемалол яшашади. Интернет маълумотларига кўра, ҳозирги кунда заъфаронга талаб жуда катта, лекин маҳсулот кам. Бизнинг ҳудудларимизда бу ўсимликни экиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тахминларга кўра, тажриба яхши натижа бериши лозим. Чунки бизнинг тоғ олди ҳудудларимиз, текис чўлларимизда заъфаронни экишга қулай шароит бор. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникасини яхши ўрганиб, билимдон, тадбиркор фермерларни ушбу ишга жалб этсак, мамлакатимизда яна бир даромадли соҳага асос солинади.

Бобоқул ТЎХТАЕВ,
биология фанлари доктори, профессор.

Зокиржон БЎСТОНОВ,
АҚХИ доценти,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент.