Ноябр 01, 2018 154

ТУПРОҚ ОСТИДАН СУҒОРИШ тажриба натижалари аниқланди

Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали профессор-ўқитувчилари республикамизда фаолият олиб бораётган “Андбурсервис” команияси ходимлари билан ғўзани тупроқ остидан суғориш бўйича филиал ўқув тажриба хўжалигининг бир гектарлик майдонида дала тажрибалари олиб бораётганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтган эдик. Бу сафар эса мана шу тажриба натижалари билан сизни хабардор этмоқчимиз.

Дала тажрибаларида ғўзанинг “Андижан-35” ва “Андижан-36” навлари танланиб, 90х90, 60х60 схемаларда жорий йилнинг 26 апрель куни чигит экиш ишлари якунланган эди. Суғориш тупроқ остидан бўлгани сабабли бегона ўтларнинг далада униб чиқиши 70-80 фоизга камайган. Шунинг учун, эрта баҳорда фақатгина бир марта бегона ўтларга қарши кетмон чопиғи ўтказилди.

Қатор ораларига ишлов бериш учун мавсум давомида бир марта ҳам культивация техникаси далага киритилмади. Тежамкор технология орқали сув сарфи икки ҳисса камайганлиги кузатилди. Ўсимликларни озиқлантириш учун минерал ўғитлар сув билан биргаликда тупроқ остидан берилди. Берилган минерал ўғитлардан фойдаланиш коэффициенти 50 фоизга ошган бўлса, даладаги механизм ва ишчиларнинг меҳнат сарфи кескин камайишига эришилди.

Дала кўригидан сўнг терим ўтказилди. Биринчи вариантда ҳосилдорлик 30,5, иккинчиси 44,5 центнер бўлди. Бу фарқнинг сабаби эса биринчи тажриба даласи баланд тераклар соясида бўлди. Ғўза иссиқни хуш кўради. Етарли ҳарорат бўлмагач, бўй бермади ва нозик танада ҳосил олди.

Тажриба мобайнида ушбу усулнинг қуйидаги афзалликлари аниқланди:

  • Иккиламчи маҳсулот чиқиндилари бўлган эски резиналарни ёқиб юбориш орқали экологияга салбий таъсир кўрсатишининг олди олиниб, улардан суғориш учун махсус шланглар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
  • Ер остига 50 см чуқурликка ётқизилган шланглар 20 йил давомида чиримайди ҳамда далада қишлоқ хўжалик техникаларидан кам фойдаланиганлиги сабабли ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини тежашга эришилди.
  • Далада пушталар орасида қатқалоқ пайдо бўлмаслиги учун тупроқнинг ҳаво ва ҳарорат маромини яхшилашга эришилди.
  • Ғўза илдизига мақбул шароит яратилиб, ўсимликнинг намлик, озиқ моддалари ва бошқа омиллар билан таъминланиши яхшиланди.
  • Тупроқ остидан суғориш тизими орқали озуқа эритмалари илдизга тўғридан-тўғри етказиб берилиб, тупроқдаги касаллик ва зараркунундаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, ерни органик ўғитлар билан бойитиш, ишлов бериш, суғориш учун эгатлар очиш, минерал ўғитлар солиш, бегона ўтларга қарши курашиш каби яна бир қатор агротехник тадбирлар талаб қилинмади. Минерал ўғитларнинг самарадорлиги юқори бўлди. Суғоришда сувнинг тежалиши 70-80 фоизни ташкил этди.
  • Суғориш режимини ўсимликнинг сувга бўлган талабига мослигига эришилди.
  • Бу усулда сувни оқовага ташланмаганлиги учун сув эррозиясига барҳам берилди.

Сув ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишда суғоришнинг илғор сувтежамкор технологияларини қўллаш муҳим ахамиятга эгалиги филиалимиз тажриба хўжалиги майдонида олинган маълумотлар асосида илмий асосланди.

Тупроқ остидан суғориш усулининг эгатлаб суғориш усулига нисбатан иқтисодий самарадорлиги (1 гектар пахта майдони ҳисобига):

Эгатлаб суғориш усулида уруғлик, ўғитлар, механизация ишлари, ЁММ, заракунандаларга қарши кураш ва иш ҳақларига 2 837 000 сўм сарфланар эди, тупроқ остидан суғориш усулида эса натижа 897 000 сўмни кўрсатди ёки 1 940 000 сўм маблағ тежалган.

Сув сарфи эса биринчи усулда 4 800 м3ни ташкил этган бўлса, иккинчи усулда 2 400 м3ни ташкил қилди ва бунда 2 400 м3 сувни тежалган.

Ҳосилдорлик эса биринчи усулда 25,2 ц/га, иккинчи усулда 44,5 ц/га натижани кўрсатди ҳамда 19,3 ц/га юқори бўлди.

Сув ва ресурстежамкор тупроқ остидан суғориш усулини Андижон вилояти фермер хўжаликларида қўллаш бўйича тавсиялар:

1. Кузги шудгорлаш, ерни чигит экишга тайёрлаш тадбирлари, эрта баҳорда ерни текислаш, мола босиш, пушта олиш ишлари барча бошқа фермер хўжаликлари каби бир хил шароитда олиб борилади.

2. “Андижон – 36” пахта навини 60х60 схемада кўчат қалинлигини 130-140 минг туп кўчатга эришиш учун қўшқатор экиш.

3. Минерал ўғитлар меъёри N-90, P-90, K-45 кг. Фосфорли ва калийли ўғитларни шудгор олдидан бериш, азотли озуқаларни эса экиш билан бирга 10-15 фоизини, қолган қисмини ўсимликнинг ривожланиш фазасига кўра суғориш суви билан 3 мартагача озиқлантиришда берилади.

4. Зараркунандаларга қарши курашиш учун биологик усулдан фойдаланиш тавсия этилади.

Анваржон ИСАШОВ,

ТДАУ Андижон филиали профессори.

Нодирбек МИРФОЗИЛОВ,

ассистент