Ноябр 29, 2018 120

СОЛИҚ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШДА МУҲИМ ҚАДАМ

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ ва барқарор йиғилишини таъминлаш давлатнинг молия тизими мустаҳкамлигининг муҳим шартларидан бири ҳисобланиб, мазкур масаланинг ечими солиқ маъмурчилиги билан узвий боғлиқдир.

Мамлакатимиз солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш асосан солиқ тўловчилар ва давлат ўртасида солиқ муносабатлари самарадорлиги ва сифатини оширишга йўналтирилган бўлиб, бу солиқ сиёсатимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам “солиқ солиш тизимини изчиллик билан соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш орқали солиқ юкини пасайтириш, солиқ маъмуриятчилигининг замонавий услубларини жорий этиш орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш” 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгилаб берилди.

Президентимизнинг жорий йил 29 июнда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони билан белгиланган концепциянинг асосий йўналишларига Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган энг муҳим вазифалар ҳуқуқий асос бўлди, десак хато бўлмайди.

Чунки, фармонда икки ҳил тизимдаги солиқ тўловчилар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш, солиқларни унификация қилиш ва уларнинг сонини оптималлаштириш, солиқ ҳисоботларни соддалаштириш, бюджет даромадларини мустаҳкамлигини таъминлаш, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, мамлакатда инвестицион муҳитни яхшилаш, солиқ назоратини замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб бориш солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб белгилаб қўйилганлиги келгуси йил солиқ органлари учун синовларга бой йил бўлишини инкор этмайди.

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар белгиланди:

1. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириш бўйича:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашнинг тўрт поғонали тартиби ва ставкалари бекор қилиниб, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ягона тўғри шкала бўйича 12 фоиз ставкада ҳисоблаш тартибига ўтилди. Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига шу пайтгача 2,0 фоизи миқдорида йўналтирилган бўлса, концепция 0,1 фоиз миқдорида йўналтирилиши белгиланди. Бунда, фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди;

жисмоний шахслар молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида концепция доирасида фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш бекор қилинди.

Шу билан бирга, пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, фақат бюджет ташкилотлари ҳамда давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, бошқа юридик шахснинг устав жамғармаси (капитал)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми тегишли бўлган устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўловнинг амалдаги 25 фоизлик ставкаси сақлаб қолинди.

Қолган барча солиқ тўловчи юридик шахслар (шу жумладан, кичик бизнес субъектлари учун) ягона ижтимоий тўловнинг амалдаги 15 фоизлик ставкаси пасайтирилиб, келгуси йил учун 12 фоиз миқдорида белгиланди.

2. Умумбелгиланган ва соддалаштирилган тизимда солиқ тўловчилар даромадларини солиққа тортишни оптималлаштириш ҳамда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонларини такомиллаштириш бўйича:

хўжалик юритувчи субъектлар даромадларини барқарорлаштириш ва уларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида концепция йўналиши доирасида кейинги йилдан бошлаб давлат мақсадли жамғармаларига (Бюджетдан ташқари, пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда таълим ва тиббиёт муассасаларини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси) ундириладиган мажбурий ажратмаларни (3,2 фоиз миқдорида) тўлаш бекор қилинди;

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилиб, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахсларга ҳам 20 фоиз миқдорда солиқ тўлаш жорий этилиб, улар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилди;

дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.

Бундан ташқари, солиқ тўловчиларнинг солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонларига ўзгартиришлар киритилиб, ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки жорий йил давомида ушбу белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш тартиби ўрнатилди. Бунда, йиллик айланманинг (ялпи тушумнинг) 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдорини ҳар 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилиши белгиланди;

барча тадбиркорлик субъектлари (микрофирма ва кичик корхоналар), шу жумладан, айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилди.

3. Киритилаётган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, соддалаштирилган солиқ солиш тизимидаги солиқ тўловчилар қўллаб-қувватлаш ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун ушбу айланмадан (ялпи тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш;

ушбу солиқ тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини белгилаш;

юридик шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи ставкасини 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирган ҳолда тўлаш ҳамда илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун юқори ставкада солиқ ҳисоблаш тартиби сақлаб қолинди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ягона ер солиғини тўловчилари учун амалдаги солиқ солиш тартиби (ернинг норматив қийматидан келиб чиқиб 0,95 фоиз миқдорида) сақлаб қолинди.

4. Қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини тўловчи хўжалик юритувчи субъектлар учун концепция доирасида ушбу солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартибларига қуйидагича ўзгартиришлар киритилмоқда.

2019 йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий қилинади, қўшилган қиймат солиғини электрон бошқариш тизимини, жумладан, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш ва инсофсиз солиқ тўловчиларни аниқлаш мақсадида барча айланмалар занжирини таҳлил ва назорат қилиш учун давлат солиқ хизмати органларида электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш бўйича дастурий комплексни жорий этилади.

Солиқ солиш базасини қатъийлаштириш мақсадида қўшимча аниқлаштирувчи меъёрлар белгиланади ҳамда ушбу солиқлар бўйича берилган имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, улар сонини камайтириш чоралари кўрилади. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг амалдаги 20 фоиз ставкаси сақлаб қолиниб, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкасини пасайтириш чоралари кўриб чиқилади.

Зафаржон МИРЗААҲМЕДОВ,

Хўжаобод тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи