Апрел 20, 2017 863

СОҒИНЧ МАКТУБИ

Фасллар ичида баҳорни яхши кўраман. Назаримда у яшариш, янгиланиш, гўзаллик ва умид фасли. Шунинг учунми уни ҳар йили катта завқ билан кутаман.

Айниқса, апрель ойини интиқлик билан кутаман. Бунинг боиси, айнан шу ойда менинг энг азиз инсоним - Сиз отажоним туғилгансиз. Агарда ҳозир ҳаёт бўлганингизда эди, бу йил 63 ёшингизни биргаликда, бир даврада нишонлардик.

Афсус.. тақдир ҳақ.

Дадажон сизнинг "Апрель айланайин ялпизларингдан" деган мисралар иштирок этган шеърингизни қайта-қайта ўқийвераман. Кўзимга жиққа ёш келади. Соғинчим ортаверади.

Яратганга минг шукрлар бўлсинки, узоқ кутганим, апрель ойига ҳам етиб келдик. Доимгидек, қадрдон қишлоғимиз томон шошиламан. Сиз юрган излардан юриб, тўйиб-тўйиб нафас олгим келади.

Туғилган кунингизда хонадонимизга она-Ватанимизнинг турли жойларидан ташриф буюрадиган минглаб мухлис ва мухлисаларингиз Сизни эслаб, хотирлаб келгани кемтик қалбимни севинч ва фахр туйғулари билан тўлдиради. Бу йил ҳам шундай бўлишига шубҳам йўқ.

Негаки, ўн олти йилдирки, бу инсонлар севимли шоирини йўқлашади. Олис манзиллардан келиб, қабрингизга гул қўйишади, таваллуд айёмингиз билан табриклашади, ҳаққингизга дуо-и фотихалар қилишади. Соғинчларга кўмилган ва куйган дилимга уларнинг дийдори, меҳр-у муҳаббати малҳам бўлади.

Шундай пайтларда қисқа умрингиз давомида қанчалик буюк ишларни қилиб кетганингизни ич-ичимдан ҳис қиламан. Сиздек падари бузрукворни берган Роббимга шукрлар айтаман.

Орадан шунча йиллар ўтган бўлсада, Сиз севган халқ Сизни унутмаганидан, Сизга бўлган қайноқ меҳрлари, ихлослари заррача камаймаганини кўраман. Уларни қучиб "Раҳмат Сизларга, азиз дадажонимнинг қадрли мухлис ва мухлисалари. Ҳамиша омон бўлинг, менинг, оиламнинг бахтига!" - дегим келади.

Инсонлар бор, саксон ёшида ҳам отаси ёнида. Уларга шундай буюк ва олий бахт насиб этгани учун доим ҳавас қиламан.

Бизнинг оиламизга эса, минг афсуски, бундай олий бахтга етиш насиб этмади. Вафот этганингизда атига 15 ёшлик қизалоқ эдим. Лекин, Сиз билан ўтказган шу йиллар давомида сиздан ўн беш асрга татигулик ота меҳрини кўрдим. Бунинг учун Сиздан умрбод миннатдорман.

Отажон, мана бугун барча ишларимни йиғиштириб соғинч ва севинчлар лим-лим тўлган қалбим билан ҳаётимнинг энг мазмунли кунлари ўтган, яъни сизнинг қучоғингизда яйраб яшаган қишлоғимизга йўл олдим. Ўша бахтга тўлиб яшаган гўшамизга етиб боргунимга қадар бутун болалик даврим кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошлайди.

Отажон... сизнинг ҳар бир сўзларингиз худди кеча айтилганидек ёдимда. Шодон ва беғубор кулгуларингиз эса доим қулоқларим остида жаранглайверади.

Мана шу водийнинг довонида ҳам қанчадан-қанча хотиралар кезиб юради ва ҳар сафар шу йўллардан ўтаётганимда ўша хотираларнинг майин сабоси кўнглимда ҳам ширин ҳисларни уйғотади.

Сиз мазмунли ва шарафли ҳаётингизни қисқа бўлишини худди сезгандек ҳар бўш вақтларингизни, ва ҳаттоки, агар иложи бўлса иш вақтларингизни ҳам мана шу файзли гўшада биз, фарзандларингиз билан ўтказишга ҳаракат қилардингиз. Айниқса, кенжа бўлганим учунми турли сафарларга олиб кетишингизни, ўша пайтлардаги бирга борган саёҳатларимизни жуда кўп соғинаман.

Дадажон, Сизни ҳар сония, ҳар он соғинаман, ҳамиша менинг ёдимдасиз.. Сиз билан ўтказган кунларим чексиз қадрли ва унутилмасдир. То тирик эканман Сизни соғиниб, йўқлаб келавераман.

Туғилган кунингиз муборак бўлсин меҳрибоним, менинг энг азиз ва мўътабар инсоним, дадажоним!

Қизингиз МАДИНА