Ноябр 15, 2018 132

ПАХТА ТОЛАСИ ЕЛИМЛАНИШИГА ҚАРШИ КУРАШ

Маълумки, ғўзанинг асосий маҳсулоти – пахта толасидир. Афсуски, сўнгги йилларда пахта хом-ашёсининг тола елимланиши ёки «тола қора шираси» деб номланган касалликка чалиниши оқибатида унинг сифати бузилмоқда. Тола елимланиши фанга илгаридан маълум ва кенг тарқалган касалликлардан бўлиб, сернам, зарарли ҳашаротнинг ривожланиши ва кўпайиши учун қулай келган ерларда кўп тарқалади. 2002-2003 йилларнинг баҳор-ёз ойлари бунга мисол бўла олади. Ёғингарчиликни кўп бўлиши ҳавонинг нисбий намлигини ошириб, унинг ҳароратини маълум даражада пасайишига олиб келади. Бу эса шира (ўсимлик бити) ва оққанот сингари сўрувчи зараркунанданинг ривожланиши ва кўпайиши учун қулай келади. Улар экинзорларда қайта-қайта урчиб, ҳатто ёзнинг иссиқ ойларида ҳам ўз миқдорини камайтирмади.

Тола елимланишига унинг турли сўрувчи ҳашаротларнинг суюқ чиқиндиси билан ифлосланиши, хом-ашёни теримгача ва йиғим-теримдан кейин, айниқса, етарли даражасигача қуритилмаган бунтларда зарарловчи турли касаллик қўзғатувчи замбуруғлар ва бактериялар сабаб бўлиши мумкин. Сўрувчи ҳашаротларнинг суюқ чиқиндиси билан ифлосланишини олдини олиш мақсадида августда (кўсакларни очила бошлаган давридан бошлаб) ғўзада мавжуд шира, оққанот ва қандалага қарши кураш олиб бориш лозим бўлса, хом-ашёни теримгача ва йиғим теримдан кейин бундларда касалланишини олдини олиш анча мураккаб жараёндир. Бунда ғўзани соғлом ўстиришдан бошлаб (алмашлаб экиш, чигитни дорилаш, агротехника, маҳаллий маъдан ўғитлардан ҳамда сув режими ва ҳоказо) пахталарни кўсаклари пишиб яхши очилгандан кейин териб олиш ва етарли даражада қуритиб топширилганлигига боғлиқдир. Ана шу масалага батафсил тўхталиб ўтамиз.

Пахта толасининг касалликлари ва уларни сабабчилари.

Толанинг бактериал ва замбуруғ касалликлари одатда теримгача дала шароитида бўлиши мумкин. Бунга қаторлардаги ғўзани зич қолдирилганлиги уларни ғовлаб кетиши, теримнинг кечиктирилиши, август-сентябрь ойларида ғўза қатор ораларида намликни кўтарилиши ва ҳоказолар сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолларда қуйидаги касалликлар кузатилади:

1. Кўсакларнинг бутунлай зарарланиши (пушти ва кулранг моғор замбуруғ, фузариоз ва бошқалар).

2. Кўсакларнинг ичидан зарарланиши (аспергиллёз, мукороз, муғор).

3. Кўсак бўлакларининг алоҳида-алоҳида зарарланиши ва толани касалланиши (макраспарёз, альтерналёз, нигроспороз, пенициллиоз).

4. Очилган кўсаклардаги толаларнинг зарарланиши (шира, ёпишқоқ бактериоз, алтерналиёз, пушти моғор).

Бактериал-замбуруғ касалликларга чалинган тола инфекция манбаи ҳисобланади. Бактерия ва замбуруғлар ҳосил йиғиб териб олиниб, қабул пунктларга топширилгандан кейин ҳам ўз фаолиятини тўхтатмайди. Қулай шароитда микроорганизмлар тез кўпаяди ва бунтлардаги хом-ашё касалланишда давом этади. Оқибатда пахта толасини сифати ҳам чигитнинг хўжалик ва уруғлик хусусиятлари ҳам пасаяди.

Пахта толасини елимланишида зарарли ҳашаротларни роли

Пахта толасини елимланиши асосан (70-80 фоизгача) ғўзани сўрувчи ҳашаротлар билан зарарланиши оқибатида вужудга келади. Бундай зараркунандалар қаторига, аввало, шираларни (ғўза ёки полиз ширасини) киритиш мумкин. Кейинги ўринларни оққанот ва сўқир қандалалар эгаллайди.

Тола елимланишини олдини олиш тадбирлари.

Бу тадбирларни икки таркибийц қисмга ажратиш мумкин. Келажакка мўлжалланган ўсимликларни химоя қилиш тадбирлари ва жорий йил ҳосилини химоя қилишга қаратилган чора тадбирлар.

I. Келажакка мўлжалланган ўсимликларни ҳимоя қилиш тадбири

1. Пахта далаларида ғўза қатор ораларига ғалла экмаслик:

Кузда ғўза қатор ораларига тупроққа ишлов берилмасдан (ғўзапоя йиғиштирилмасдан, шудгорламасдан) ғалла экилганда ғўзапояда шира, ўргимчаккана ва бошқа зараркунандаларни қишловчи захираси қолиб кетади, шудгорланмаган ерда эса ғўза тунлами ва кузги тунламлари қуртлари ва ғумбаклари қишлаб қолади. Табиийки, бу ҳол уларнинг кейинги йилда янгидан кўпроқ бўлишига сабаб бўлади.

2. Барча ғўза майдонларида дефолиация ўтказиш:

Фарғона водийси вилоятларида бу тадбирнинг аҳамияти айниқса катта. Август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб ҳосил пишиб етилишида ғўза баргларини сунъий тўкдириш оқибатида сўрувчи зараркунандаларда ҳоли бўлинади, натижада пахта толасини шираланиши олди олинади. Бу борада Дропп Ультра, Авгрон Экстра дефолиянтлари қатор афзалликларга эга. У баргларни қовжиратмай яшиллигича тўкади. Демак пахта ҳосили камаймайди, тола ифлосланмайди. Дропп Ультра Авгрон Экстра билан дефолиация қилинган ғўза қайта кўкармайди, ўсимликларда ширалар миқдори кўпаймайди, пахта толаси елимланмайди. Дропп Ултранинг сарф меъёри ҳаво ҳароратига боғлиқ равишда август ойида унинг гектарлик сарфи 0,2-0,3 литрни, Авгрон Экстрада эса 0,2-0,1 литрни ташкил этади.

3. Алмашлаб экишни тўғри йўлга қўйиш.

Жорий йил ҳосилини ҳимоя қилишга қаратилгантадбирлар:

1. Ғўза парваришлашда агротехник тадбирларга қатъий риоя қилиш лозим. Чигитни экишга тайёрлашда нав ва навдорлиги бўйича ажратиб сараланган уруғлик чигитни гаммоз касалликларга қарши препаратлар айниқса бронопол препаратлар билан дориланади.

2. Аввалги йили сўрувчи ҳашаротлар кўп тарқалган, пахта толаси шираланган далалар алоҳида ҳариталарга туширилади ва ушбу далаларга инсектицидлик хусусиятига эга уруғ дорилар билан ишлов берилган чигит экилиши назоратга олинади.

3. Ғўза икки, уч чин баргли даврида азотли, шоналаш даврида калийли ва азотли, гуллаш даврида фосфорли ва азотли ўғитлар билан озиқлантрилади. Ўсимликни муддатидан кечиктириб озиқлантириш натижасида унинг вегетация даври чўзилади ва зарарли ҳашаротларга қўшимча озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ғўзани озиқлантиришни кечиктирмаслик лозим.

4. Ғўзани зарарли ҳашаротлар ва касалликларга чидамли қилиб ўстириш экиндаги шира оққанот каби сўрувчи ҳашаротлар миқдорини камайтириш мақсадида май-июнь ойларида барглари орқали озиқлантириш тавсия этилади. Бунда фосфорли калийли ўгитларни 1,5-2,5 фоиз сувдаги эритмаси ОВХ русумли мосламаларда гектарига 200-300 литр ишчи эритма ҳисобида пуркалади. Бу даврда қатор ораларига ишлов бериш ҳамда суғоришни меъёрида ва тўғри ташкил этиш ўсимликни баравж ривожланишига ҳамда уни зарарли ҳашаротлар таъсирига чидамли бўлишига олиб келади.

5. Ғўзани суғориш ер ости сувларининг чуқурлиги тупроқнинг механик таркибига қараб меъёрланади. Ер ости сувлари чуқур жойлашган енгил тартибли тупроқларда ғўза гуллаш давригача 600-700, ўрта ва оғир тупроқларда 700-800 кубметр сув сарфланади. Гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса 900-1000 метркуб миқдорда сув сарфланади. Суғориш енгил тупроқларда ғўзанинг гуллашгача бўлган даврида 10-12 соат, ўрта ва оғир тупроқларда 12-14 соат мобайнида, гуллаш даврида эса мос равишда 14-16 ва 16-18 соат давомида амалга ошириш керак.

6. Пахта далаларидаги бегона ўтларни йўқотиш, айниқса ҳосилни пишиб етилиш даврида яна бир карра бу тадбирни амалга ошириш, зараркунандалар кўпайиб тарқалган майдонлардан йўқотиш лозим.

7. Август ойида ғўзада шира ёки оққанот миқдори кўпайиб зичлиги ортиб борса қуйидаги инсектицидлардан фойдаланиб уларни бартараф этиш лозим. Моспилан препаратидан гектарига 0,15 кг ёки канфидор препаратидан шираларга қарши гектарига 0,15 литр, оққанотга қарши 0,35 литр карбофоасдан гектарига 0,6 литр, сперфос препаратидан гектарига 1 литр миқдорида ишлатиш тавсия этилади.

8. Пахта терими олдидан ўз вақтида баргларни сунъий тўктириш. бинобарин сўрувчи зараркунандаларни озуқа манбаидан махрум этиш лозим. Бу мақсадда Дроп Ултра ҳамда Авгрон Экстра дефолиантларидан фойдаланиш тавсия этилади. Дефолиациядан кейин ғўза пайкалларини суғориш ярамайди. Акс ҳолда ўсимликлар қайта кўкариб, зараркунанда ҳашаротлар учун озуқа манбаи яратилади.

9. Пахтани хом термаслик, хом-ашёни яхшилаб қуритиш ва бунтларда сақлаш лозим.

10. Пахта хом-ашёсини топшириш ва қабул қилишда стандартлар даражасидаги намлик ва ифлослик меъёрига амл қилиш лозим.

10. Хом-ашёни ёғингарчиликлар туфайли намланишини олдини олиш мақсадида бундлар чодир билан ёпилади. Бунд ичидаги намлик ҳароратни камайтириш ҳамда ҳаво аэрациясини таъминлаш, яъни шамоллатиш учун уларда туйнуклар очиш лозим.

Акс ҳолда соғлом тола ҳам бундларда димиқиб замбуруғлар билан зарарланиши ва чириши мумкин.

Махфуза ЮСУПОВА,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори