Май 25, 2017 908

ОЗУҚАБОП ЭКИНЛАРНИ ТАКРОРИЙ ЕТИШТИРИШ

Маккажўхори такрорий экилган майдонларда қуйидаги агротехник тадбирларни амалга ошириш лозим. Маккажўхорилар униб чиққандан кейин қатор ораларига ишлов берилиб, ягана ва чопиқ қилиш ишлари бажарилади. 5-6 та барг ва 10-12 та барг чиқарганда азотли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғориш ишлари амалга оширилади. Гуллаш ва сут-мум пишиш даврларида бир мартадан суғорилади. Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилганда гектаридан 35-40 ц дон ёки 350-400 ц кўк масса олинади.

Такрорий экишда оқсилга бой озуқа етиштириш мақсадида маккажўхорига соя қўшиб экиш тавсия этилади. Бунда маккажўхори ва соя уруғлари 10 сотихга 2 кг. дан тенг миқдорда қўшиб экилиши мақсадга мувофиқ. Такрорий экинлар тез ўсишини инобатга олган ҳолда агротехникасини ўз вақтида кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Тупроғи шўрланган ва сув танқис томорқаларда оқжўхори, Африка қўноғи экинларини экиш яхши натижалар беради. Ушбу экинлар уруғларини 4-5 см чуқурликда, қатор оралиғи 60 ёки 70 см қилиб, 10 сотихга 1-1,5 килограмм миқдорида экилади. Кўчат сони 8-9 минг атрофида бўлиши керак. Вегетация даврида 4-6 та барг чиқарганда қатор ораларига ишлов берилиб, қуриган гўнг ва азотли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғориш ишлари амалга оширилади. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса 10 сотихдан 3,5-4 тонна кўк поя ҳосили олинади.

Ердан унумли фойдаланиш ва чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлаш учун бошоқли дондан бўшаган майдонларга 15 июлдан 10 августгача бўлган муддатларда дон ва дуккакли экинлардан сули уруғи - 10 сотихга 8 кг, хашаки нўхат уруғи - 7 кг меъёрда қўшиб экиш тавсия этилади.

Сули туплаш фазасига, хашаки нўхат шохлаш фазасига кирганда ўғитланади ва суғорилади. Ҳаво ҳарорати ва экин ҳолатини ҳисобга олган ҳолда яна бир марта озиқлантириш ва икки уч марта суғориш ишлари амалга оширилса, октябрь ойига бориб 15-20 тонна кўк масса ҳосили олиш мумкин.

Такрорий экин сифатида тариқ экиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тариқнинг дони паррандалар учун қимматбаҳо озуқа ҳисобланади. Чорва молларига озуқа учун тариқ донининг қолдиқлари ва сомони ишлатилади. Тариқ серҳосил ўсимлик бўлиб, 10 сотих ердан 5-6 ц дон ёки 12-14 ц кўк масса ҳосили олиш мумкин.

Шунингдек, тариқ қурғоқчиликка ҳам чидамли, ёруғсевар, қисқа муддатли ўсимлик ҳисобланади. Уруғ кўкариб чиқиши учун ўз вазнига нисбатан 25фоиз сув сарфлайди. Тариқ ўсимлиги яхши ишланган ерни талаб қилади. Уни гуллаш ва туплаш фазасида озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Пишган дони тез тўкилиши сабабли, рўвакда 70-75 фоиз дон етилганда ўриб олиш зарур.

Озуқабоп экинлар орасида илдиз мевалардан асосан хашаки лавлаги экиб ўстирилади. Бунда хашаки лавлагининг Ўзбекистон ним қанд, Эккендорф сариғи, Ўзбекистон-83 навларини экиш тавсия этилади. Хашаки лавлагини жанубий (Сурхондарё, Қашқадарё) вилоятларда ғалладан кейин ҳам экиб олиш мумкин.

Чорва молларининг сут маҳсулдорлигини оширишда хашаки лавлаги муҳим аҳамият касб этади. Июль-август ойларида ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши ҳисобига баҳорда экилган майдонларда хашаки лавлагининг сувга бўлган талаби жуда ортиб боради ва шу сабабли лавлаги экилган майдонни имкон қадар ҳар 7-10 кунда суғориб туриш тавсия этилади.

Маълумки, хашаки лавлаги икки йиллик ўсимлик ҳисобланади. Биринчи йили уруғдан экилганда илдизмева беради, иккинчи йили илдизмевадан экилганда уруғ беради.

Хашаки лавлаги уруғини жадаллашган усулда бир йилда етиштириш учун август ойининг биринчи ва иккинчи декадаларида уруғдан экиш мумкин. Экишда 10 сотихга 0,8-1 кг уруғ сарфланади. Илдизмева далада қишлайди ва кейинги йил уруғ беради. Қишловга кетишдан олдин пушталарга чириган гўнг сепиш мақсадга мувофиқ.

Хашаки лавлаги оралиқ экин сифатида етиштирилганда ўсув даврида 4-6 марта суғорилади. Ҳосил октябрнинг охири-ноябрь ойининг бошларида йиғиштириб олинади.

Ердан унумли фойдаланиш ва чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлаш мақсадида 15 июндан 1 июлгача бўлган муддатда дон (сули - 80 кгҒга) ва дуккакли (хашаки нўхат - 70 кгҒга) экинларни биргаликда экиш яхши самара беради.

Бунда сули экини туплаш, хашаки нўхат шохлаш фазасига кирганда, азотли ўғитлар билан 100-150 кгҒга меъёрда озиқлантирилиб, суғорилади. Ҳаво ҳарорати ва экин ҳолатини ҳисобга олган ҳолда яна бир марта озиқлантириш ва икки-уч марта суғориш ишлари амалга оширилса, октябрь ойига бориб 10 сотихдан 1,5-2 тонна кўк масса ҳосили олишга эришилади.

mehnat.uz сайти асосида тайёрланди.