Ноябр 15, 2018 123

ОГАҲИЙНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҚАРАШЛАРИ

XIX асрнинг ўзбек шеърияти ривожига муносиб ҳисса қўшган забардаст шоири, таржимон ва тарихчиси Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийдир. У 1809 йил Хоразмнинг Хива шаҳрида мироб оиласида таваллуд топиб, ўша ердаги мадрасаларда таҳсил олиш билан бирга араб, форс ва турк тилларини пухта эгаллаган.

Огаҳий ўз даврининг машҳур шоир ва олимларининг машваратларида, адабий-бадиий кечаларида иштирок этиб ўз дунёқарашини бойитиб борди. Унинг ҳаёти ва ижодида амакиси ва устози бўлган Муниснинг алоҳида ўрни бор. Шунингдек, Огаҳий ижодининг юксалишида Шарқнинг мумтоз асарлари, айниқса Алишер Навоий шеърияти муҳим рол ўйнаган. Бироқ, биз фикр юритмоқчи бўлган жиҳати бу Огаҳий ва унинг ижод маҳсулларидаги бой иқтисодий дунёқарашга бағишланади. Огаҳий 1829 йил амакиси Мунис вафотидан сўнг ўша даврдаги Хива хони Оллоқулихон таклифига асосан мироб лавозимига тайинланади. Чунки хонлик даврларида сув ва ундан самарали фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасида жуда катта аҳамиятга эга ҳисобланар эди. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқнинг ғам-ташвиши билан яшаб, сарой ишлари билан шуғуллана бошлади.

Огаҳийнинг иқтисодий дунёқарашига назар ташлар эканмиз, у давлат амалдори ҳокимиятни бошқаришда бир қанча сифатларга эга бўлиши лозимлигини уқтиради. Хусусан, подшоҳ қўли очиқ химматли, амри-шижоатли, адолатли бошқарув қарорларини чиқарувчи, саҳоватли, соф ниятли, маданиятли ва халқпарвар бўлмоғликларини зикр этади. Унинг фикрича, шундай фазилатларга эга ҳукмдор бўлса, ўша юртнинг равнақи ва халқининг фаровонлиги юксалади.

Огаҳий дунёқарашида давлатни бошқариш масаласи ҳам ўзига хос ўринга эга бўлиб, подшоҳ, яъни раҳбар шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғлиги лозимлиги, атрофдаги турли фитна гапларга қулоқ солмаслиги, ғийбат ва ғафлатдан, молпарастлик, зулм-разолатдан узоқ бўлишлиги уқтирилади.

Огахий ижодига мансуб “Риёз-уд-давла” (Салтанат боғлари, 1844), “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар қаймоғи”, 1845-1846), “Жомеъ ул-воқеоти Султоний” (“Султонлик воқеаларини жамловчи”, 1857), “Гулшани давлат” (“Давлат гулшани”, 1865), “Шоҳиди иқбол” (“Иқбол гувоҳи”, 1872) ва бошқа қатор тарихий асарларида Оллоқулихон (1825-1842), Рахимқулихон (1843-1846), Муҳаммад Аминхон (1846-1855), Сайид Мухаммадхон (1856-1864), Муҳаммад Рахим II (1864-1910) хукмронлиги даврларида Хоразмда яшаган ўзбек, қорақалпоқ, туркман ва қозоқ халқларининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаёти ҳамда Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан иқтисодий муносабатлари хронологик тарзда бой тарихий образларда ёритиб берилган.

Эътиборимизни тортган жиҳати шундаки, Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғояларига хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбияси таъсири катта бўлган. Шунинг натижаси ва нишонаси сифатида Огаҳий Ферузга бағишлаб “Қасидаи насиҳат” асарини ёзади. Айнан ушбу асарда муаллиф, давлат ва салтанатни идора этиш йўл-йўриқларини кўрсатиб, халқни адолат мезонларига таяниб бошқариш, подшоҳда мужассам бўлиши лозим бўлган фазилатларни кўрсатиб ўтади. Бу борада юқорида фикримизни баён этдик.

Огаҳий мироб лавозимида ишлаш асносида халқнинг энг оғриқлиқли нуқтадаги дардларини ва муаммоларини англаб, хонга ўз таклифларини баён қилиб борган. У ерларни суғоришда миробликни ота касб сифатида ардоқлаб, суғориш ишларини тартиб асосида юқоридан қуйига навбат билан амалга оширишни йўлга қўйди. Чунки халқнинг эътирози ва норозиликлари кўп томондан сувни нотўғри тақсимлашдан келиб чиқар ва буни ҳал этиш учун Огаҳий адолатли мехазмни ишлаб чиқди. Унинг таъбирида “Отанг мироб бўлса ҳам еринг сув бошида бўлсин” ёки “Ўн қўшчига бир бошчи” деган халқимизнинг ҳикматли мақоллари устувор бўлган.

Мухтасар хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Огаҳий дунёқарашида назм ва наср билан йўғрилган асарларнинг ўзига хос жозибадорлиги хали-ҳануз ўз аҳамиятини сақлагани ҳолда унда илгари сурилган иқтисодий ғоялар ҳам биз учун аҳамиятли ва ибратлидир.

Абдусалом МАҲСУТАЛИЕВ,

ТДАУ Андижон филиали доценти.

Ҳакимжон КУРГАНОВ,

ассистент.