Июн 27, 2018 1254

МЕН СЕВГАН АСАР

Яқиндагина мен бир асарни ўқиб тугатдим. Ўқиш даврида бу асар мени шунчалар ўзига маҳлиё қилиб қўйди-ки, юрсам ҳам, турсам ҳам, ва ҳатто тушларимда ҳам асардаги жараёнлар, ҳолатлар кўз ўнгимда намоён бўладверди, фикр-у ёдимни эгаллади.

Аллоҳга минг шукурки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз аҳил, чегарамиз мустаҳкам. Тинчлигимизга кўз тегмасин. Нега энди бир асар ҳақида ёзиб, иккинчи бир фикрни бошлади бу, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бунинг сабаби бор, албатта. Чунки бу асарни ўқиган ҳар бир инсон тинч ва фаровон ҳаёти, Ватанимизнинг сўлим боғлари-ю, пурвиқор тоғларининг сокин ҳавосидан бемалол, тўйиб нафас олаётгани учун беихтиёр Яратганга шукроналар келтириши табиий.

Севимли адибим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” романи мени ўзига маҳлиё қилган асардир.

Ушбу асарни ўқишни бошлаганимда сўзбоши муаллифи Асрор Самаднинг асар ҳақида билдирган бир фикри мени ўйлантириб қўйганди: “Романни уч марта ўқидим: адибнинг икки жилдлик “Сайланма”сини нашрга тайёрлашда, оддий бир китобхон сифатида, сўнггида яна муҳаррир бўлиб ўқидим” деган жумлаларни ўқиб, ҳайрон бўлгандим, бу фикрнинг мағзини чақолмаган эдим. Асарни ўқиб тугатгач эса, унинг: “Учинчи гал ўқиганимда юрагимга санчиқ турди: адибнинг рухсати билан ёзилган ушбу сўзбоши ҳам бир неча кунга кечикди, анча кун тўшакка михланиб ётдим: валидол шимаман нуқул” деб ёзганининг ва ўша пайтда уни қай ҳолга тушиб қолганини тушуниб етдим.

Асар қаҳрамони Рустам отасининг колхоз раиси эканлигига қарамай, ундан панох кутмади, умид қилмади. Мардларча жангга киришди. Ўз кучини Ватан ҳимояси учун сарфлади. Тўғри у жангда ҳалок бўлмади, бироқ кўп маротаба ўлиб-тирилди, азият чекди, энг яқин сафдошларини йўқотди.

Бу асарнинг энг таъсирли нуқтаси эса Рустамнинг яқин ҳамроҳи Хайриддиннинг чавақланиши, қонга беланиб ётган онасига интилиб, уни исмини айтиб чақираётган гўдак тасвирланган лаҳаларини ўқиганда худди ўша мудҳиш вақеалар кўз ўнгимда бўлаётгандай ҳис этардим ўзимни.

Бу асар ҳақида қанча гапирмайин, барибир кам. Агар фикримни тугал билдираман десам, менда ҳам ана шундай бир асар кашф этилса керак, деб ўйлайман, яна билмадим.

Ҳозирги кунда китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Шундай экан, ушбу асарни барча китобхонларга, айниқса, ёшларга ўқишларини маслаҳат берган бўлардим. Уни ўқигач эса, яшаётган ҳар бир кунимизга, мустақил ва ҳур ватанда, айрим нотинч халқлар каби хавотирда эмас, балки ўз келажагини ўзи ярата олишга имкон берган қутлуғ гўшада ўсиб улғаяётганимизга шукронлар келтирсак, не ажаб?!

Зулфия АМИН қизи