Май 25, 2017 950

МАККАЖЎХОРИНИ ТАКРОРИЙ ЭКИН СИФАТИДА ЕТИШТИРИШ

Экиш учун тавсия этиладиган маккажўхори дурагайлари: Қорасув-350 АМВ, Ўзбекистон-601 ЕСВ, Ўзбекистон-300 МВ ва ҳ.к.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган маккажўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, синмаган, тўқ текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 10-12 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Ер ўтмишдош ўсимликларни қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, 1 сотихга 250-300 кг (10 сотихга 2,5-3 т) чириган гўнг солинади. Ер камида 18-20 см чуқурликда юмшатилиб, йирик кесаклар майдаланади ва текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Экиш ишлари шимолий ва марказий иқлим минтақаларида дон учун 20 июнгача, силос учун 20 июлгача, жанубий минтақаларда дон учун 1 июлгача, силос учун 30 июлгача амалга оширилади.

Маккажўхори уруғи 60х21х1 (60 см - қатор орасининг кенглиги, 21 см - уялар ораси, 1 дона - уядаги уруғлар сони), 70х18х1, 90х14х1 схемада унувчанлиги ва уруғ тозалигига қараб 1 сотихга 220-250 граммдан (10 сотихга 2,2-2,5 кг) экилади.

Парваришлаш. Суғориш: маккажўхори ўсимликлари биринчи марта биринчи ўғитлашдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитлашдан сўнг, учинчи марта султонлар чиқариб, гуллаш даври бошланганда, тўртинчи марта эса доннинг сут-мум пишиш даврида суғорилади. Қумлоқ майдонларда тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.

Ўсимликлар униб чиқиб, 5-6 чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6-8 см чуқурликда чопилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8-10 та барг ҳосил қилганда 8-10 см чуқурликда ўтказилади.

Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан фосфорли минерал ўғит тук ҳолда сотихига 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрда солинади. Ўсимлик 5-6 та чинбарг чиқарганда 2,2 кг, 10-12 та чинбарг чиқарганда 2,2 кг азотли ўғит билан озиқлантирилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Зарур бўлганда маккажўхорининг асосий зараркунандаларига қарши курашда бракон ва трихограммалар қўлланилади. Касаллик ва зараркунандалар турига қараб Каратэ, Суми-Алфа кимёвий воситалардан фойдаланилади. Сўта донлари сут-мум пишишга кирганда, зараркунандаларнинг тухумларига қарши Трихограмма ва етук ёшдаги қуртларига қарши бракон энтомофагидан фойдаланилади. Ўсимлик 6-8 барг чиқарганда тушадиган кўсак қуртига қарши кимёвий курашда Каратэ эритмаси яхши самара беради.

Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Маккажўхори сўталари дон учун тўлиқ пишиш даврида, силос учун эса поялар сут-мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.