Ноябр 29, 2018 164

КУЛАСИЗМИ, КУЯСИЗМИ?

Сатирик ёзувчи Ҳабиб Сиддиқнинг илк китоби чиққанига қарийб ўттиз йил бўлди. Бу даврда ёзувчининг қалами борган сари қайралди, поэтик ижоди сайқал топди. Унинг бир неча ҳажвиялари газета, журнал ва тўплам шаклида мухлисларга етиб борди. Шунингдек кулги устасининг бир неча ҳажвия-ҳангомалари республика телеминиатуралар театри, табассум радиожурнали ҳамда Андижон вилояти телестудиясида саҳналаштирилди. Бунинг ортидан баъзи бир андижонлик актёрлар машҳурлик зинасидан бир-икки поғона кўтарилганлари ҳам ҳақиқат. Ижодининг илк палласида ёш, ҳажвчига устоз адиблар Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев фатво берган эди. Дуолар ижобат бўлди шекилли... Бахайр.

Ёзувчининг “Чироғи ёниқ хонадон” (Тош., 2013) номли сайланмаси ҳамда “Ўрага сичқон тушди” (Тошю., 2016) номли китобларининг салмоқли қисмини ҳажвиялар ташкил этади. Уларнинг умумий сони элликка боради. Ҳажвиялар сон жиҳатдан салмоқли бўлгани сингари сифат жиҳатдан ранг баранг, серқирра. Хусусан уларни ўқиганда, иш ё ишхонадаги камчиликлар-мажлисбозлик, танбаллик, ғирромлик, таъмагирлик, худбинлик, ходимлар ўртасидаги баҳс-мунозаралар, оила, устоз-шогирдлик муносабатларининг кутилмаган тус олиши, хушомадгўйлик, лаганбардорлик, шунинг орқасидан мўмай даромад қилиш, шогирд ёки қўл остидаги ходимга “солиқ” солиш, қўшиб ё айириб ёзиш ва шу каби умумий ижтимоий ва маданий тараққиётимизга тўсиқ бўладиган салбий ҳолатлар турлича сатирик образ ва тимсоллар воситасида аёсиз фош этилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ҳажвия оддий жанр эмас, унинг қойилмақом шаклини ҳар ким ҳам битавермайди. Шу боис ҳам жанрнинг бу соҳаси, айниқса, насрдаги ҳажвиянависликни яхши ривожланяпти деёлмаймиз. Ҳажвияни баъзи бир ёзувчилар бир зарб билан ёзиб ташлайдилар. Бироқ уни бир мутолаа билан “ҳазм” қилиш жуда душвор. Назаримизда, бу типдаги асарларни тўла идрок этиш учун ўқирманга бироз тайёргарлик керакка ўхшайди. Шундай бўлмаса, ёзувчининг нияти етарлича аён бўлмаслиги мумкин. Негаки, ёзувчининг бош мақсади асар сиртида бўлмайди. Асосий ғоя яширин, таъбир жоиз топилса, ялтироқ қоғозга, эҳтимол бир неча шундай қоғозга ўралган бўлади. Сиртдан қарасангиз, оддий воқеа латифанамо айтилган. Бир марта кулиб, кейин унутиш ҳам мумкин. Аммо зукко ўқувчи, айниқса, мунаққид уни бефарқ ўқимайди. У “микроскоп” ёрдамида асарнинг ботинига, қаҳрамонларнинг ички психологик оламига, сажия-савиясига, нутқига, гап оҳангига, жинси, ёши, касб-корига ҳатто кийинишига ҳам эътибор беради. Чехов деган ўрис ёзувчисининг талаби эсингизда бўлса керак: саҳна ортида милтиқ бўлса, у қачондир отилиши керак. Ҳажвияда ҳам шунга ўхшаган талаблар бор. Дейлик ёзувчи, саксон ё тўқсон ёшли чол-кампир ўртасидаги мунозарани фош этмоқчи. Уларга ёш ё ўрта ёшдаги кишиларнинг кийимини кийдирса ё уларга телефон ушлатиб, бир-биридан хабар кутса, бу ҳаёт ҳақиқатига ҳам мос эмас. Ёзувчи бу йўлдан бормайди. Адиб, жумладан, Ҳабиб Сиддиқ ҳам аввало қаҳрамонлар ҳаётини, уларнинг ички руҳий дунёсини, характер-сажиясини пухта ўрганади. Ёзувчи учун нафақат қаҳрамоннинг ички олами, балки воқеанинг содир бўлиш ўрни – географик макон, ҳатто об-ҳаво ҳам муҳим ўрин тутади. Ёздаги воқеа қаҳрамонига қишги кийим кийдириб бўлмагани каби, ўзбек миллатига мансуб чол-кампир суҳбатини миллий заминдан узоқлаштириб бўлмайди. Демак, гапимиз ҳажвий асарнинг бош аломати – миллий характерларни миллий ўзанда ифодалаш салоҳиятига келиб тақалмоқда.

Асарда миллий руҳ, жозиба бўлмаса, у сира ўқувчи эътиборини торта олмайди. Ҳабиб Сиддиқ ҳажвиялари дастлаб шу фазилати билан мухлислар эътиборини қозонади. Миллий руҳ эса ўз навбатида қаҳрамон нутқида ўз ифодасини топади. Нутқ – ҳажвий асарда бош меъзон ҳисобланади. Биз айнан қаҳрамон муомала, мулоқоти орқали унинг кимлигини, касб-корини, мақсади нима эканини, муаллифнинг қандай бадиий ғоясини юзага чиқараётганини унинг нутқи орқали илғашимиз мумкин. Тўғри, сатирик асарда фақат қаҳрамон нутқи билан чегараланмаймиз. Воқеа-ҳодисанинг кўз ўнгимизда муфассал ва мукаммал тасвирига эришмоқ учун гоҳо автор нутқи билан ҳам юзлашишга тўғри келади. Бироқ унутмаслик лозимки, муаллиф нутқи қаҳрамон характерининг тўлақонли тасвири учун ёрдамчи восита бўлиб хизмат қилади, холос. Шу маънода ҳажвияда миллий тил – қаҳрамон нутқи масаласи асосий масала бўлиб, ёзувчи бунинг устида жиддий бош қотиради. Ўзининг жуда кўп мақсад-муддаоларини қаҳрамон ё персонаж зиммасига юклайди.

Ҳажвия жиддий, фош этувчи мураккаб жанр бўлгани учун уни енгил-елпи ўқиш етарли эмас. Ўқувчи уни ўқишдан мақсад уқиш заруратини ҳис қилиши лозим. Яъни, асарни биринчи ўқиганда, кулсин, иккинчи ё учинчи ўқиганда асл муддаони илғаб, куйсин. Нима демоқчимиз? Ёзувчи ҳаётий воқеа-ҳодисани кулги либосига ўрагани билан унинг асл мақсади бу эмас. Кулиш нарида турсин, ачиниш, эҳтимол йиғлаш лозим бўлган нарсалар – анқовлигимиз, гўллигимиз, паришонлигимиз, алдовга мойиллик, пора эвазига бўлса-да, ишни битириш, пора эвазига ишга жойлашиш, сўнг харажатни таъма эвазига тўлдириш, боғча ё мактабда йиғилиш қилиб, пул йиғмаслик, фақат бинони таъмирлашга ёрдам бериш лозимлиги. Эҳ...ҳе... Қайси соҳада қуср йўқ? Саволнинг ўзи қизиқ. Гўё бу “беайб парвардигор”, биз ҳам бандамиз, озгина гуноҳга қўл урсак нима бўпти, деб ўзимизга таскин-тасалли бераяпмиз. Аслида ёзувчининг саволида пичинг, шикоят, уни тузатишга, ижтимоий касалликдан тезроқ даволанишимиз, тузалишимизга даъват оҳанги бор. Худди шундай. Ёзувчи бизга онгли ва жонли хилқат эканимизни, Яратганнинг меҳр ва мурувватига шукрона айтиб яшашимиз лозимлигини эслатиб қўймоқ учун қалам йўнган бўлиб чиқади. Бунинг учун ёзувчи бармоғини бигиз қилмай, ҳеч кимнинг ожиз нуқтасига писанда қилмай, қойилмақом “ҳикоя” айтиш йўлидан боради. Ҳикоя қаҳрамони эса чет эл ё ўзга сайёрадан келган ясама образлар эмас. Улар – сиз, мен, у ёки сизнинг, менинг, унинг таниши ё қариндоши, зинҳор бегона эмас.

“Анқов экан” асарининг мазмунига эътибор қилинг: Масъул лавозимдаги бир киши бошқа идорага бошлиқ бўлиб боради. Кўп ўтмай шу директор омбор мудиридан нимадир ундириш учун турли имо-ишоралар қила бошлайди. Бир кун кийими эскирганини айтса, бошқа куни машинаси таъмир талаблигини сўзлайди. Ҳатто “калит қўлингда бўлса, менга кўпроқ юбор, ўзингга камроқ” деб ичида койиб ҳам қўяди. Қўйингки, бошлиқ ходимига ҳар куни бир “солиқ” солади. Омбор мудири эса инсофли одам, ўзиям емайди, бошлиққа ҳам бергиси йўқ. Боз устига бошлиғига ақл ўргатгани ўргатган. Мисол учун бошлиқ машинасининг боллони емирилиб қолганини, унда юриш хавфли эканини айтса, мудир қайсидир фирманинг баллони яхши эканини, уни қаердан харид қилиш мумкинлигини маслаҳат беради. Бунақа ходим кимга керак. Инсофли одамга шафқат камдан кам бўлади. Бу каби кишилар олғир билан ош-қатиқ бўлолмайди. Ҳажвия охирида бошлиқнинг “алмаштиргани” маълум бўлади. Ўқирман баллонни алмаштиргандир деб умид қилади, бошлиқ эса омбор мудирини алмаштирган бўлиб чиқади. Воқеанинг комик садоси яхши таъмин этилган. Турмушимизда шу каби бошлиқлар йўқ деб айта оламизми? Бор. Бўлганда қандоқ. Ҳажвияни ўқиб, янги ходим қандай одам экан, ишга қандай жойлашди экан, у раҳбарнинг талаб-истакларини кўнгилдагидек бажара олармикан, деган ўйга борасиз. Бошлиқ истагини бажарса, ҳоли нима кечади деган хавотир ҳам сизни бефарқ қолдирмайди.

Ёзувчининг “Тушунган одам” ҳажвиясида ҳам ушбу муддао ривожлантирилади. Яъни, машинасининг деярли ҳамма ёқи таъмирталаб бўлган ходимни, ҳа деб шикоят қилавергач, бошлиғи уни автохорхонани тафтиш этишга юборишни ваъда беради. Ҳар ҳолда бекорга бўлмаса керак...

Ҳар икки ҳажвиянинг асосий темаси таъмагирлик ва уни олдини олишга қаратилган. Бу каби масала кун тартибида ҳамиша муҳим. Афсус, уни илдизи билан йўқотиб бўлмас экан. Аммо ҳажвияни ўқиган ёш раҳбарлар ўзларига яраша хулоса қилишлари табиий.

Ҳабиб Сиддиқ ҳажвияларининг ҳар бири ўзига хос ижтимоий юкни зиммасига олади. Ўқирман ҳам ўзига тегишли хулоса чиқариши, қаҳрамон ўзига ҳамкасб бўлса, айбини кўзгуда кўргандек ҳис қилиши, бу йўлнинг охири вой эканлигини англаб етмоғи лозим.

Ҳажвчининг маҳорати шундаки, у воқеанинг туб негизини бизга етказади. Воқеа давоми, қаҳрамон ё персонажларнинг кейинги тақдири, уларнинг сири фош бўлиб қўлга тушиши, жарима тўлаши ё қамалиши каби масалалар ўқирман идрокига боғлиқ. Умуман ҳажвчи-роқимнинг вазифаси қинғир ишни юмор ҳисси ила баён қилишдан иборат. Қийиғи эса китобхонга ҳавола. Ёзувчи хулосани айтмайди, аммо унга ишора қилади. Асардаги воқеа муаллиф томонидан тарғиб эмас, таъқиқ этилади. Зотан, сатиранинг ҳам, юморнинг ҳам етакчи хусусияти шундан иборат. Энди “Халқа”нинг қисқача мазмунига эътибор қилайлик: Бир киши қизалоғини боғчага жойлаштириш учун олиб келади. Боғча мудираси эса одатдагидай “жой йўқ” деб тихирлик қилади. Ҳалиги одам илтимос қилиб, сўз орасида “хизмат бўлса айтаверинг, сизни хафа қилмаймиз”, деган иқрорни ҳам қистириб кетади. Сўнг боғча мудираси: “Менга ҳеч нарса керак эмас, нима бўлса, шу болалар учун. Боғчамиз биносини капитал ремонт қилмоқчимиз, уч-тўрт хил бўёқ бўлса, яхши бўларди”, деб болани қабул қилишга “зўрға” рози бўлади. Ота чиқиб кетгач, мудира дўконга телефон қилади:

-Алло, Тоҳир ака, ўзизмисиз? Ҳозир биттасини жўнатдим. Ҳалигидан тўртта бериворасиз.

-Кечаям, иккитасини юборган экансиз. Ўшаларга бервордим. Энди бизда мутлақо қолмади...

Шундан сўнг мудира дўкондорга машина юборишини, бўёқларни қайтариб юборишини, яна айлантиришни таклиф қилади.Дўкондор эса “бугун иложи йўқ, машина нариги боғчага кетувди”, деб жавоб беради.

Гап ота-оналаримизнинг моддий аҳволи билан сира ҳисоблашмай, улардан нимадир ундириш, шахсий жиғилдонни тўлдириш ҳақида борар экан, Ҳабиб Сиддиқнинг “Ота-оналар йиғилиши” номли ҳажвиясини ҳам эслаб ўтиш керакка ўхшайди. Унда ота-оналар йиғилишини ўтказган бир муаллима гапни пул йиғишга рухсат йўқлигидан бошлаб, бундай ишдан хазар қилиши билан якунлайди. Фақат келган ота-оналарнинг ҳар бири ремонт, обуна, дарслик ва ободонлаштириш, хуллас боласи учун нимадир ҳадя этса кифоя экан. Ҳамма рози. Қарши, бетараф йўқ. Саховатни кўринг. Ўқитувчи мажлис сўнгида қараса, бир бегона одам ҳам бор эмиш:

-Хўш, сиз қаердан?

-Газетадан

-Э...э. Мақолага факт керак бўлса, ўзимга айтмайсизми, укажон...Аммо, биласизми, бу ердаги эшитганларингизни мақола қилмай қўяқолинг..

Демак, “уддабуролик”, “тадбиркорлик” битта боғчада эмас, бир нечтасида мавжуд экан. Ўрганган кўнгил ўртанса қўярмиди...Дейлик мудира опа (ё муаллима) юқорида айтилган одатини ўтган йили бошлади. Тўрт ё беш йилда машина бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда ўзига, болаларига, қариндошларига, ота-онасига ва албатта эрига (бундайлар эрини эътиборсиз қолдирмайди) ҳам қўшша қатор совғалар олишига етадиган маблағ йиғади. Шундай эмасми? Нимаси ёмон? Нимаси яхши дейди муҳтарам ёзувчимиз. “Ўртанган кўнгилдан...”дан аввал “Емоқнинг қусмоғиям бор”лигини ҳам бир эслаб қўйсакмикин?. Ҳаром луқма ёмон, у бари бир тешиб чиқади. Бугун бўлмаса, эртага ё индинга. Баъзи гуноҳларнинг жавоби, машойихлар айтмоқчи, охиратга қоларкан.

Боғчада бошланган “ўйин” мактабда, лицей, коллеж ва олий ўқув юртида ҳам давом этади. Ҳамма ерда вабо сингари тарқаган бу дарднинг давоси ёзувчининг сатирик тиғидир. Адиб ушбу асар билан битта мудирани ё бир ўқитувчини инсофга чақирса, уни эзгулик йўлига даъват этса, демак жамиятнинг маълум бир нуқтасини ёмон иллатдан тозалашга беминнат ҳисса қўшибди. Коррупциия масаласи жуда долзарб. Шунинг учун ҳам ёзувчининг бу турдаги баъзи асарларини бугунги сиёсий ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ дея оламиз. Энг ёмони олғирлик деярли барча соҳада кузатилади. Айниқса олий ўқув юрти ҳамда қасамини унутган шифокорлар ҳатто ҳуқуқ органлари орасида ҳам бу каби нохуш ҳодисалар бот-бот кўзга ташланади. Муҳтарам Президентимиз худди шу иллатнинг олдини олиш мақсадида.... даги қарорида олганни ҳам, берганни ҳам жазога тортиш масаласини ўртага ташладилар. Хўп хайрли иш бўлди. Шунга қарамай, бу иллат озми, кўпми давом этаётгани ачинарли ҳолдир.

“Бедаво дарднинг давоси” эзмароқ беморлар ҳаётидан олинган қизиқарли ҳажвия. Унга кўра ёши улуғроқ бир бемор профессорга мурожаат қилиб, ростини айтинг, касалим оғирми, ўлиб кетавераманми, умримдан неча кун қолди, деяверибди. Врач “ҳали кўп яшайсиз” деса, яна ўша гап: тўғрисини айтинг, дардим бедавоми, тиббиёт ожизми, айта қолинг деб шифокорнинг ҳоли жонига қўймабди. Шунда профессор, уни қум билан даволаш мумкинлигини айтибди. Аввалига тиззагача, кейин белгача ундан сўнг кекирдаккача қумга тушишни маслаҳат берибди. Бемор хурсанд бўлиб чиқиб кетгач, профессордан шогирдлари сўрабди:

-Агар сир бўлмаса, домла...янги усул ҳақида...

-Қанақа янги усул?

-СПИДнинг давоси?

-Э...ҳа, ҳалигими? Бу дарднинг нимага олиб келишини биласиз-ку! Энди жа... тузалиб кетмасаям, ҳар қалай тупроқнинг тагида ётишга аста-секин кўникиб туради-да...

Гап эзмалар ҳақида кетмоқда. Арзимас нарсага соатлаб вақтингизни оладиган кимсалар йўқ дейсизми. Ҳажвияни ўқиганда кўз ўнгимизда эзма чоллар қиёфаси пайдо бўлади. Қанийди эзмалар фақат чоллар бўлса. Бу типдаги одамлар турли ёш ва турли жинс ва турли миллат вакиллари орасида учраши мумкин. Ёзувчи сергапликни, вайсақи бекорчилар қилиғини фош этмоқда. Уларни фойдали иш билан шуғулланишга чорламоқда.

“Мустақил фикр”, “Пулдон”, “Хавфли одам”, “Оламушукнинг каттаси” ва “Мутахассислиги бўйича” сингари ҳажвияларда ўзибўларчилик, бюрократизм, асл моҳиятни англамай тортишиш, ноҳақ бўшатишга уриниш, янги ходимдан хавфсираш ё унинг баъзилардан хавфсираши, таъма, худбинлик ва бошқа шу каби турмушда кўп учрайдиган салбий ҳолатлар аёвсиз қораланади. “Мустақил фикр”да ходимларга ишда катта ютуқларга эришмоқ учун нималарга эътибор бериш лозимлигини мустақил ҳолатда ёзиш, кейин шуни тегишли комиссия келганда бурро-бурро қилиб санаб бериш топширилади. Бундан барча ходимлар, айниқса, бош қаҳрамон хурсанд: ана бизнинг фикримизни сўровчи ҳам бор экан, деб шахсий фикрини ёзишга киришади. Ёзиб бўлгач, масъул кишиларга бир текширтиради. Охирида эса печат қилиш ва бошлиққа олиб кириш учун котибага учрайди. Унинг ҳам мустақил фикри, томоғи бор, албатта. Шу боис қаҳрамонимиз котибага бир дона шоколад ваъда қилиб кетаётса, котиба: шоколадни иккита қилаверинг, буни бошлиқ кўргандан кейин яна қайта печат қилишга тўғри келади, дейди. Кўринадики, мустақил фикрни аввал масъул кишилар: ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари, етакчи мутахассислар, охирида эса ҳурматли бошлиқ кўрганларидан кейин мустақил фикрдан асар ҳам қолмайди. Бу бир ходим учун эмас, умуман меҳнат жамоаси учун қўлланган талаб. Ахир бу бориб турган хўрлик, тажовус эмасми? Мустақил фикр айтиб боши балога қолганлар, ишдан кетиб сарсон бўлганлар озмунча эмас. Мустақил фикр кушандаси шўро даврида кучайган, бутун жамият худди шу балодан, фикрсизликдан азият чеккан. Хайрият, бу каби иллатлар мустақиллик туфайли барҳам топди. Бироқ буткул йўқолди, деёлмаймиз. Адибни ана шу ҳуқуқбузарлик, шахс эрки ва ҳуқуқининг поймол этилиши жиддий ташвишга қўйган. Шу боис ушбу асар дунёга келган.

Ҳабиб аканинг ёшлар, айниқса, талабалар турмушидан олиб ёзган ҳажвиялари ҳам диққатни тортади. Уларда гоҳо ўқитувчилар, кўпинча эса талабаларнинг уддабуролиги кескин фош этилади. Баъзилари имтиҳондан ўтиш учун турли йўл изласа, баъзилари дарсга қатнашмаслик сабабини ўзининг “меҳрибон талаба”лигига олиб бориб тақайди. Бу ўринда ҳам ўша эслаганимиз қинғир ишнинг қийиғи чиқиб қолаверади. Бу жиҳатдан “Ижарага ота керакмасми?” ҳажвияси мазмуни билан танишиш жуда мароқли. Бир аёл ректор ҳузурига кириб, эри кўпдан бери ўсал ётганини, кириб-чиқолмаслигини, унга ёлғизгина ўғли қарашиб турганини, оилавий аҳволи ночорлигини сўзлайди. Ректорнинг кўнгли юмшаб, талабанинг ҳолидан бехабарлиги учун факультет деканини койийди. Муштипар она миннатдор бўлиб чиқиши билан, ректорнинг шогирдларидан бири кириб келади. Бошлиқ билан сўрашгач, студентга юзланиб, ие, жиян, сен ҳам шу ердамидинг, дейдию “сир” очилиб қолади. Маълум бўлишича, йигит қайсидир қўшма корхона директорининг ўғли бўлиб, отаси кеча шартнома тузиш учун Японияга учиб кетган экан. Бояги кўз ёши қилган аёл ҳам “ёлланган она” экан.

Бу ерда ёзувчи танқид тиғини фақат талабага эмас, балки унинг пулига учиб, артистлик қиладиган аёлга ҳам қаратган деб ўйлаймиз. Шундайлар йўқ деб айтишимиз қийин. Қўшма корхона директори чет элларга чиқиб, битим тузадию, ўғлининг нима ишлар қилиб юрганидан бехабар. Бу ерда иллатнинг тури кўп. Гап тўқликка шўхлик ҳақида кетмоқда. Менимча, бу иллатнинг томири оилага, аниқроғи асарда иштирок этмайдиган талабанинг ўз онасига бориб тақалади. Отанинг иши кўп экан, онасининг кўзи қаерда? Нега у бу каби ўзвошимчаликдан бехабар? Талаба ёлланган онага берадиган пулни онасидан олади-ку, тўғрими? Она ўғлига берган пулни нимага сарфлаши билан қизиқиши лозим эмасми? Хуллас, ҳажвияда коса остида бир неча нимкоса мавжуд. Уни илғаш, идрок этиш, хулоса чиқариш муҳтарам ота-оналар ва азиз ёшлар зиммасидаги вазифадир.

Ҳабиб Сиддиқнинг “Биров ишонмайди” ҳажвиясида тайёр асарни кўчириб, чоп эттиролмай, дўстларига лағмон олиб берган, яъни тушираман деб ўзи тушиб қолган ёшлар образи тасвирланган. Шунингдек “Ташвиш” ҳажвиясида ҳам бир талабанинг фанлардан баҳо олиш учун бир неча таниш ва танишларнинг танишини ўртага суққани комик планда акс эттирилган. Суриштириб кўрсам, дейди талаба, фалсафадан кирадиган ўқитувчиси ҳақида, ўша домламиз ойимнинг тоғаларининг қудаларининг куёвларининг акалари экан... Хуллас, ҳажвияда шу каби узунқулоқ маълумотлар сатирик оҳанг билан айтилади. Яъни, Ҳабиб ака воқеани жўн, содда баён қилмайди. Унинг миллий руҳини, сатирик пафосини ва бошқа поэтик маромини пухта таъминлайди.

Ҳажвияларнинг тили, услуби миллий характер касб этади. Ўқиётганда, худди тунов кун кўришган танишингиз, қариндошингиз ё биродарингиз кўз олдингизда намоён бўлади. Қаҳрамонлар нутқида халқ жонли тилига хос мақол, матал ва иборалар ҳам ўз ўрнида топиб қўлланган. Яъни, ёзувчи исталган мақолни исталган қаҳрамон оғзидан чиқаравермайди. “Аммамнинг бузоғи”, “синиқдан бошқаси юқади”, ”кўр-кўрни қоронғуда топади”, “туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзади”, “ғуножин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди” ва бошқа шу каби мақоллар қаҳрамоннинг мақсадини юзага чиқаришда қўшимча восита бўлиб хизмат қилган.

Ҳабиб Сиддиқ қаҳрамонлари ўзга коинотдан келган эмас.Улар атрофимиздаги кишилар, замондошларимиз. Ёзувчининг асосий нияти ўзимизга унча билинмайдиган нуқсонларимизни бадиий бўёқларда кўрсатиш. Бошқача айтсак, бизга кўзгу тутиш. Кишилар хоҳласа, кўзгуни уриб синдирар, истаса чуқурроқ ўйга толар, тегишли хулоса чиқарар. Балки ёзувчининг беминнат фаолияти учун ундан миннатдор бўлар, қусрини тузатар. Юқорида айтганимиздек, бирор ёзувчи кимнидир хушламагани учун асар битмайди, жумладан, Ҳабиб Сиддиқ ҳам. Турмушимизда ёзувчи қаламга олган камчиликлар кўп бўлса, уни илғаш, бутун мураккаблиги, чигаллиги билан идрок этиш, шахсий лабораториясида қайта ишлаб китобхонга тортиқ этиш ҳажвчининг бош мақсадидир. Тегишли хулоса чиқариш эса, ҳурматли мухлис, сиз ва бизга боғлиқ. Унда биз айтишга улгурмаган жиҳатлар ҳам бордир. Эҳтимол уни сиз айтарсиз.

Хулоса шуки, Ҳабиб Сиддиқ ҳажвиялари турмушда учрайдиган турли қусрларни аёсиз фош этиш қудрати билан нафақат ёзувчи ижодида, балки бугунги ўзбек сатирачилигида ўзига хос ҳодисадир.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди