Май 25, 2017 835

КЎЧМАС МУЛККА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, барча соҳаларда бўлгани каби, мулкдорлик ҳуқуқларининг вужудга келиши ва ҳимоя этилиши борасида жаҳон андозаларига мос даражадаги ҳуқуқий асосларни яратишга алоҳида аҳамият берилди. Хусусий мулк тармоғи яратилди, ривожлантирилди, давлат томонидан кафолатли ҳимояланиш даражаси тўхтовсиз такомиллаштириб борилмоқда.

Маьлумки, иқтисодиётнинг хусусий сектори ривожланиб, салмоғи ортиб борган сари, ўрта ва кичик бизнес эгаларига ҳам бино – иншоотлар барпо этиш, сотиб олишга бўлган имконият кўпаяди. Шу сабабли, кўчмас мулкларнинг энг кўп тарқалган тури бўлиши турар ва нотурар жойларга эгалик ҳуқуқи пайдо бўлишининг қонуний асосларидан яхши хабардор бўлиш муҳим аҳамиятга эгадир.

қонун ҳужжатларида кўчмас мулкларнинг бир неча турлари санаб ўтилган бўлиб, улардан энг кўп учрайдиган бинолар ва иншоотлардир.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра кўчмас мулкларга эгалик ҳуқуқи:

  • мулкларни қонунда белгиланган тартибда тузилган битимларига асосан олиш (олди-сотди, ҳадя, айрибошлаш битимлари, ва бошқалар);
  • мулкларни мерос тариқасида ўтиши;
  • хусусийлаштириш;
  • суд қарорлари асосида;
  • туман (шаҳар) ҳокимларининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини эьтироф этиш ҳақидаги қарорлари ва қонунга зид бўлмаган бошқа асосларга кўра вужудга келади.

Кўчмас мулкларнинг олди-сотди, айрибошлаш шартномалари сотувчи ва олувчи имзолаган битта ҳужжат кўринишида тузилади. Тарафларнинг (ёки улардан бирининг) талабига кўра бундай битим нотариал тартибда тасдиқланиши ҳам мумкин.

Кўчмас мулк ҳисобланадиган уй (ҳовли-жой)лар, кўп қаватли уйлардаги квартираларнинг олди-сотди, айрибошлар шартномалари нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши шарт. Шунингдек, нотурар биноларни ҳадя этиш битимлари ҳам нотариал тартибда тасдиқланиши зарурлиги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Кўчмас мулкларга бўлган мулкий ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Мулкка (ер ва биноларга) бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш “Ергеодезкадастр” бошқармалариниг ҳудудий бўлинмалари, яъни, туман, шаҳар “Ермулккадастр” давлат корхоналари томонидан амалга оширилади.

Битимлар (олди-сотди, ҳадя шартномалари, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида) гувоҳномалари давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқарди.

Мулкий ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатлари (Фуқаролик Кодекси, хусусий мулкчиликни ҳимоя қилишга бағишланган қонунлар, ҳукумат қарорлари) билан таьминлаб, кафолатлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябрь ойидан бошлаб қабул қилинган қатор фармонлари, имзолаган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда хусусий мулкчиликни такомиллаштириш, мулкий ҳуқуқлар бузилишининг ҳар қандай кўринишлари олдини олишга қаратилгандир.

2017- Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ваколатли давлат органларига қилган мурожаатларига алоҳида эътибор берилаётганлигига барчамиз гувоҳмиз.

Президентимиз ва Республика ҳукуматининг бу борадаги изчил сиёсати мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти янада жадаллашишини, халқ фаровонлигининг тўхтовсиз ўсиб боришини таьминлаши шубҳасиздир.

Ҳуқуқшунос М. ЮНУСОВ,