Ноябр 15, 2018 124

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида директор А.Абдувасиқов 1-босқич талабалари билан учрашув ўтказди. Талабаларга ўқиш жараёнида профессор-ўқитувчилар томонидан уларнинг билимларини адолатли ва холисона баҳоланиши, порахўрлик, таъмагирликка ҳамда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги зарурлиги, шундай ҳолатлар кузатилганда дарҳол филиал раҳбариятига мурожаат этишлари лозимлиги тўғрисида тушунтириб ўтди.

Коррупция ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун улкан таҳдид бўлиб, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириши, одамларнинг давлатга, бошқарув идораларига ишончини сўндириши, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантириши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида тўхталиб, коррупция муаммосига қарши курашишда ҳуқуқий саводхонлик, ёшларда ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилияти билан юксак марраларга эришиш ҳиссини тарбиялаш, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларида, фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасизлик, тоқатсизлик маданиятини шакллантиришнинг аҳамияти жуда катталигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, филиалда талаба-ёшларнинг чуқур билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, талабаларни касбга бўлган муҳаббатини ошириш мақсадида ташкил этилган фан тўгараклари, филиалда ўқиш билан бир қаторда хорижий тилларни ҳам мукаммал ўрганиб, хорижий давлатларда билим салоҳиятларини ошириш, магистратура ўқишларини хориж давлатларида давом эттиришлари учун барча имкониятлар етарли эканлиги тўғрисида талабаларга тушунчалар берди.

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлари билан фаол иштирок этдилар. Жумладан, амалиёт даврида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш омборхоналарига ташрифлар уюштириш, уларнинг иш фаолиятларини кузатиш, таълим сифатини ошириш мақсадида фан йўналишлари бўйича ички олимпиадаларни ташкил этиш, бу орқали талабалар ўртасида соғлом рақобатни янада кучайтириш лозимлиги, барча факультетларда инглиз тилини ўрганишни янада такомиллаштириш мақсадида “Speaking club” ларни ташкил этиш, мазкур клуб аъзолари билан ҳар ойда бир маротаба музокаралар ўтказиш каби таклифлар билдирилди.

Учрашув сўнгида филиал директори барча талабаларга ўқишларида омад ва келгусидаги ишларида муваффақиятлар тилаб, барча гуруҳ сардорларидан шаффофлик, ҳалоллик асосида иш олиб боришларини сўради.

Азизбек ИСМОНОВ,

Маънавият-маърифат ва иқтидорли

ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси