Ноябр 29, 2018 108

ҚОНУН ОЛДИДА БАРЧА БАРОБАР

8 декабрь – Ўзбекистон Респуликаси

Конституцияси қабул қилинган кун

Мамлакатимиз бўйлаб айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланмоқда. Конституция қабул қилинганидан буён ўтган йиллар давомидаги тараққиёт ва хаётнинг ўзи бахтимиз Қомуси сифатида эътироф этилган мазкур юксак ҳуқуқий ҳужжатнинг нақадар етук ва ишончли эканлигини тўла-тўкис тасдиқлади. Зеро, Ўзбекистон халқининг ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиши, кўп асрлик орзу-умидларини рўёбга чиқариши йўлида Конституциямиз муҳим аҳамиятга эга бўлганини фахр билан таъкидлашимиз жоиз.

Асосий Қонунимизга нисбатан дунё ҳамжамияти томонидан юксак ва холис баҳолар берилиши, унинг халқаро андозаларга мос келиши, халқимизнинг хоҳиш-иродаси, манфаати, бахту-саодати ҳамда ёрқин келажагига хизмат қилишга қаратилганлиги ҳар биримизга чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини бахш этади.

Бош қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим сиёсий, ҳуқуқий хужжат сифатида жаҳонда янги, суверен, истиқболи порлоқ давлат дунёга келганининг ўзига хос шаҳодатномаси бўлди.

Конституция атамаси қадимда сиёсий тузум маъносини англатган. Конституция лотинча constitusiya деган сўздан олинган бўлиб, у “тузиш”, “Тузук”, “Тузилиш”, “яратиш”, “ўрнатиш” деган маъноларни билдиради. Конституция хуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Унда жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳусусияти, тараққиётнинг бош мезонлари, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган бўлади.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси жахон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларини тўла мужассам қилади. Ушбу Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни: инсоннинг яшаш, эркинлик ва шаҳсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларни ўз ичига олгандир.

Хуқуқларимиз тўғрисида гапирганда бурчларимиз хам борлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Қабул қилинаётган меъёрий-хуқуқий хужжатлар қоғозда қолиб кетиб, ижро этилмаса, улар самарасиз хисобланади. Аввало, қуйи даражадаги амалдорлар ва рахбар ходимлар ўзлари меъёрий-хуқуқий хужжатларга амал қилишлари лозим. Шунингдек, оддий ахоли, хар бир фуқаро қонунларга итоат этмоғи шарт.

Бизга маълум-ки, мамлакатимиз ахолиси катта суръатлар билан ўсмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2018 йил 1 октябрь холатига Ўзбекистоннинг доимий ахолиси 33 млн 85 минг нафар кишини ташкил қилган, бу ўтган 2017 йил 01 октябрь холатига нисбатан 573,1 минг нафарга кўп демакдир. Қишлоқ хўжалигига яроқли ерларимиз майдони эса ўзгармаган. Бундан оддий хулоса келиб чиқмоқда: республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигига яроқли ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида ўз томорқамиздаги хар бир қарич еримиздан унумли фойдаланиш хар бир фуқаронинг бурчидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш хамда дехқон хўжаликлари ва ахоли томорқа ер участкасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ахоли бандлигини таъминлаш ва томорқа ер участкасидан олинадиган даромадларни янада ошириш мақсадида 2018 йил 18 мартда Вазирлар Махкамасининг “Дехқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 205-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда келтирилишича, фуқароларнинг ўзларига бириктириб берилган томорқа ерларидан қўшимча даромад манбаи сифатида фойдаланишдаги эътиборсизлиги, ердан фойдаланиш маданиятининг тўлақонли шаклланмаганлиги ва бошқалар натижасида мавжуд 445 минг гектар томорқа ер участкасининг 18,9 минг гектаридан самарасиз фойдаланиш холатлари аниқланган. Агар талаб даражасида фойдаланилганда, ушбу майдонлардан қанчалик қўшимча қишлоқ хўжалиги махсулотлари олинишини тасаввур этиш қийин эмас.

Қонституция ва унинг асосида қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларига амал қилиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Санжарбек ХОЛМАТОВ,

ТДАУ Андижон филиали ассистенти.

ро алоқалар бўлим бошлиғи