Май 18, 2017 867

КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ - ИНСОНИЙЛИК ЗИЙНАТИ

Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган "андиша", "ҳаё", "ибо" тушунчаларини бошқа ҳалқлар тилига таржима қилиш анча мушукул иш. Демак, инсон шаъни, қадр-қимматини зийнатлантирадиган бу тушунчалар фақат бизнинг миллатимизгагина хос бўлиб, у ҳаётимизнинг барча жабҳасида - инсоний муносабат, феъл-атвор, юриш - туриш одобидан тортиб кийиниш маданиятига қадар бирдай дахлдор.

Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда юриш - туриш одоби, мулоқот ва кийиниш маданиятида меъёрни сақлай билиш кўникмасини ҳосил қилиш учун миллийлик билан замонавийликнинг уйғунлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Тан олиш керакки, бугун ёшларнинг кийиниш маданиятида ана шу меъёрни сақлай олмаяпмиз.

Бизнинг назаримизда, бунинг иккита асосий сабаби бор. Биринчиси, миллий тарбиядаги номукаммаллик, иккинчиси эса глобаллашув жараёнининг миллий анъана ва маросимлар, улар орқали ёшлар тарбиясига ўтказаётган таъсиридир.

Миллий қадриятларнинг муҳим таркибий қисми бўлган кийим-кечаклар тадрижини кузатиш ҳам қизиқ манзарани очиб беради. ХХ аср бошларида ўзбеклар кийимида, хусусан, эркаклар кийимида ҳозиргидек турфалик йўқ эди. Минтақаларда, масалан, Фарғона водийси ёки Зарафшон воҳасида ўзига ҳос дўппи, ўзига хос чопон кийилар эди. Кийимларга озроқ бўлса ҳам, ўзгариш киритиш кескин қораланарди.

Масалан, жадидлар миллий кийимларга ҳам қатор янгиликлар киритишга ҳаракат қилдилар. Улар оврўпача кийинишга интилиб, миллий кийимларни замонавийлаштиришга уринишди. Жумладан, улар белбоғ билан кийиладиган яктакка тугма қадаб, белбоғсиз киядиган бўлишди. Бу эса ўзини "миллий қадриятларнинг ҳимоячиси" деб ҳисоблайдиган одамлар томонидан кескин қораланди. Ўзгаришларга қанчалик қаршилик кўрсатилмасин, улар барибир ҳаётимизга кириб кела бошлади. Глобалашув жараёни эса, бу ўзгаришларни янада тезлаштириб юборди.

Ҳозирги кийимларга назар ташласак, уларнинг таркибида ХХ аср бошидаги миллий кийимлардан жуда оз нарса қолганлигининг гувоҳи бўламиз. Айниқса, аёлларнинг кийимларида жиддий ўзгаришлар юз беради.

Ўтган аср бошларида ўзбек аёллари кийимларининг асосий хусусиятиларидан бири - уларнинг кенглиги ва узунлиги бўлса, ХХI асрда тор ва калта кийимлар урфга кирди. Айниқса, баданга ёпишиб турадиган, аёлликнинг нозик қирраларини кўрсатишга мойил тор шимларни кийишга иштиёқ борган сари авж олмоқда. Халқимизнинг кекса авлоди - нуроний отахонлар, момоларимиз ва миллий ахлоқи қадрият, иффату ҳаёни эъзозлаган кишилар бундай ҳолатларга ўз муносабатиларини билдиришмоқда.

Аммо, бунга акс жавоблардан, ёшларнинг қўрс муомаласидан баъзан ўйга толасан.

Кийиниш борасидаги турфа хилликларга, фарзандларимизнинг юриш-туришига хонадон соҳибларининг бепарволиги миллий қиёфа ва ахлоқимизнинг дарз кетишига сабаб бўлиб қолмаяптимикан, деган хавотир уйғотади кишида.

Мана шу мулоҳазалар асосида кийиниш маданиятига таъсир қилувчи икки асосий сабабнинг бири - миллий тарбиядаги номукаммаллик, ҳақиқатан ҳам, кўзга ташланаётганлигига гувоҳ бўламиз.

Бинобарин, инсон шахсини наинки расмий муассасалар ва ўқув юртлари, айни пайтда, кўча ҳам тарбиялайди. Ҳатто айрим ҳолларда ёшларга мактаб ва ўқув юртларида бериладигон тарбиядан кўра, кўча кўпроқ таъсир ўтказади. Ана шуни инобатга олган ҳолда кийиниш маданияти билан боғлиқ тарбиявий омиллар, аввало, оилада йўлга қўйилиши, унга маҳалла-кўй масъулияти, жамоатчилик таъсирини кучайтириш зарур.

Глобаллашув жараёнинг шахс маънавий қиёфасига ижобий ёки салбий таъсирини мунтазам таҳлил қилиш телевидение, аудио, видео фильмлар, интернет тармоғидаги ахлоқимизга зид ахборотларни имкон даражасида чеклаш ва назорат қилиш чора-тадбирларини кўриш лозим.

Шу ўринда, яна бир мулоҳазага урғу берсак. Телевидениеда нафақат хориж филмлари, кўрсатувларидаги ахлоқимизга зид қарашлар, айни пайтда миллий тарбиямизга салбий таъсир этаётган ўзимизнинг айрим хонанда ва раққосаларимизнинг кийиниши, юриш-туриши, саҳна этикетига риоя қилишларини ҳам жиддий назорат остига олиш бугунги кундаги муҳим вазифадир.

Пешонасидаги тиллақоши кўзни қамаштириб, саҳнада хиром айлаётган раққосанинг улама соч таққанлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо, ундаги миллийлик, кийимларидаги жозибанинг тарбиявий таъсири шим қийиб, сочни ёзиб олиб, ўйинга тушаётган лобар қизнинг ҳаракатларидан бир неча маротаба устун ва таъсирчандир.

Демак, ўз - ўзидан "Нега энди айрим режиссёрлар, продюссерлар саҳна декорацияси, дизайни ва миллий кийимлар мутаносиблигига эътибор бермай қўйишди?" деган ҳақли савол тўғилади.

Манфаат - у пул топиш илинжи наҳотки миллат қиёфасини, миллий ўзликни англашдан устун бўлса? Айрим саҳналардаги бундай пала - партиш, номутаносиб хатти - ҳаракатлар ёшлар маънавиятига, уларнинг ахлоқий, кийиниши юриш-туришига салбий таъсир этмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку. Ҳолбуки, ёшлар ўта синчиков ва тақлидчи бўладилар.

Шу ўринда яна бир масалага ҳам жиддий эътибор қаратиш ўринли. Яъни ёшларни нафақат замонавий эстрада, рок каби санъатга, бадиий адабиётга ихлосманд қилиб тарбиялаш, "Ўткан кунлар"даги Отабек каби мағрур, ғурурли йигитларни, Кумушдек иффатли, иболи ва назокатли қизларни вояга етказишда бой адабий меросимизнинг барча намуналаридан фойдаланиш ғоят муҳимдир.

Улуғ аллома Ҳусайн Воиз Кашифий ёзганидек, "Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир". Ҳеч шубхасиз, ҳаё, иффат, андиша-инсонийлик белгиларидан саналади. Ана шу фазилат соҳиблари кийинишда ҳам меъёрни сақлай била олади.

Шарифа ХАСАНОВА,

АҚХИ хотин-қизлар

қўмитаси бошланғич