Ноябр 15, 2018 131

КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ ДЎСТ

Президентимиз Ш. Мирзиёев китоб – билим манбаи, катта бойлик, таълим-тарбия воситаси эканлиги учун мамлакатда китоб нашр этишни яхшилаш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида муҳим қарор қабул қилди. Дарҳақиқат, китоб энг яхши дўст, ўтмиш ва келажак кўзгусидир. Бизнинг Андижон қишлоқ хўжалик институти бухгалтерия ҳисоби ва аудит кафедраси катта ўқитувчиси Тожимирза Маманазаров билан суҳбатимиз ҳам китоб ҳақида бўлди.

–Китобни офтобга қиёслашади. Китоб ҳам қуёш янглиғ инсон қалбига нур, онгига шуур бағишлайди. Сизнинг бу ҳақдаги фикрингиз?

–Инсон учун китобдан яхшироқ дўст йўқ, у тафаккур қудрати, билим манбаи, ҳаёт ранглари жилосидир. Китобни бир сўз билан таърифлаб бўлмайди. У бутун ҳаётимизни йўлчи юлдуз каби нурафшон қилиб туради. Буюк рус олими Н. Чернишевский “Адабиёт инсонни қўполлик ва қабиҳликдан қайтаради” деганда ҳақли эди. А.Рубинштейн эса “Мен шаҳарларга улардаги китоб дўконлари сонига қараб баҳо бераман” деганди. Тўғрида, қайси элда китобга кўп эътибор берилса, шаҳарлари обод, қишлоқлари чароғон, одамлари тадбиркор, хушфеъл бўлади. А. Каменский китобга баҳо бериб, “Китоблар доноликни сингдириш қуроли” дейди. Буни биз ўқитувчилар ёрқин ҳис қиламиз. Чунки, китобсиз талабаларга билим, таълим-тарбия, касб маҳорати бериб бўлмайди. Маънавиятни шакллантириш ҳам китоб орқалидир.

Биздаги талабалар водийдаги барча ҳудудлардан келган. Норин туманидан бўлган бир талабанинг айтишича, туманларидаги икки қишлоқдан чиққан икки фермер ўз ҳудудларидаги маҳаллада биттадан кутубхона биноси қуриб берган ва ҳар бирини китоб билан таъминлашган. Бизнинг Янгиқишлоғимиздаги 15-мактабда бир пайтлар ўқиб чиқиб кетганлар янги кутубхона биноси қуриб беришди. Қишлоқдаги 3 та мактаб директорлари, боғча мудири ва фермерлар 15-20 тадан китоб сотиб олиб кутубхонага топширишди. Бу кутубхонага китоб олиб берганлардан бири 39-мактаб директори Гулчехра Юнусованинг айтишича, шу куни мактабда байрам бўлиб кетган.

–Яна бир масала – китоб совға қилиш. Бу ҳақда нима дея оласиз?

–Бу инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи воқеа. Дўстга, оиладаги яқинларингизга китоб энг яхши туҳфадир. Сизнинг кутубхонангизда дастхат ёзилган нодир китобларни кўрганман. Масалан, бир генерал Сизга К.Жуковнинг “Воспоминаниые и разлишления” номли китобини совға қилган экан. Бу иккинчи жаҳон урушини бор-бурди билан кўз олдингизга келтириб қўядиган китоб. Мен сиздан у китобни сўраб ўқиш учун олишганини кўрганман.

Андижон давлат университети “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси мудири бўлиб кўп йиллар ишлаган, марҳум, филология фанлари доктори, профессор Ҳошимжон Раззоқовнинг бир яхши фазилати бўлган экан. У аъло баҳо олган талабаларга рағбатлантириш мақсадида китоб дўконидан китоб сотиб олиб, дастхати билан совға қилар экан. Мен Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қамчибек Кенжа, Абдунаби Бойқўзиев, чинободлик шоир, драматург Абдурахим Назаровларнинг ҳам кўпчиликка китоб ҳадя қилганликларини биламан. Совға этилган китоблар жавонларнинг энг тўрисида сақланади, ҳадя этувчи номини ёдга солиб туради. Мен ўқитувчилар китоб ҳадя этишда ҳам ибрат бўлишларини истайман. Бунинг учун туғилган кун, турли байрамлар, қутлуғ саналар сабаб бўлиши мумкин.

–Шахсий кутубхоналар ҳақида нима дея оласиз?

–Кутутбхоналар шахсий бўлгани билан манфаати умумийдир. Мен қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, марҳум Маҳмуджон Мирзабоев ва унинг турмуш ўртоғи, асли қўрғонтепалик бўлган Ниёзхон опалар оиласи шахсий кутубхонасида 7 мингдан ортиқ нодир китоблар борлигини биламан. Ёзувчи Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, шоир Эркин Вохидов, Ҳабиб Саъдулла, Ҳусниддин Шарипов ва бошқалар дастхати туширилган китоблар борлигини эшитганман.

Вилоят ички ишлар бошқармасида ишлаган фахрий Тўламирза Рахмончаев шахсий кутубхонасида икки мингтага яқин нодир адабиётлар бор экан. Мунаққид, ёзувчи, филология фанлари номзоди Тўлқин Йўлдашев шахсий кутубхонаси жуда бой экан. Андижон олийгоҳларида ишлаган бу меҳнат фахрийси ўзи ёзган Турсуной Содиқова ҳақидаги “Атиргулга айланган умр”, Қамчибек Кенжа ҳақидаги “Камолотнинг олис йўли”, Озод Шарофиддинов ҳақидаги “Озод домла” ва бошқа китобларини дўстлари, яқинлари, шогирдлари шахсий кутубхоналари учун ҳадя этган.

Избосканлик Абдувахоб Нурматов, Наби Жалолиддин, Абдулла Комил, Обида Йўлдошеваларнинг кутубхоналарида минглаб қизиқарли китоблар бор. Кўрдингизми, шахсий кутубхона тутишда ҳам зиёлиларимиз ибратдир.

Яна бир фикр. Китобларни хўжакўрсинга сотиб олиб кутубхона қилган ва мақтаниб кўз-кўз қиладиган, аммо китобларни ўқимаган айрим кишиларни биламан. Бундайлар ҳақида Европалик мутафаккир Иосиф Бродский “Китобларни ёқишдан ҳам оғирроқ жиноятлар бор. Шулардан бири уларни ўқимаслик” деган эди. Яшириб нима қиламиз, айрим ҳамкасблар билан суҳбатлашсак, институтимиз кўзгуси – жуда ўқимишли “Қишлоқ оқшоми”да босилаётган долзарб мавзулардаги мақолаларни ўқимаганлар ҳам чиқади. Ҳозир бу маънавият кўзгуси тиражини кўп деб бўлмайди, ахир жамоамизда қанча-қанча ходимлар, кўплаб талабалар бор. Менимча, ҳар бир талаба уйига бу севимли нашр кириб бориши лозим. Бу газетага обуна бўлиб, уларнинг барча сонларини жамлаб, тиктириб қўйилса, бу қутлуғ даргоҳда ўтган завқли ҳаёт ёдга тушиб туради.

Яна бир фикрни билдиришни истайман. Вилоят, туман, ўқув юртларида кўплаб йиғилишлар бўлади. Бу йиғилишлар ўтадиган жойларда китоб савдосини ташкил этиш, газета-журнал сотиш ишига эришиш керак. Йиғилишга келганлар китоб, газета, журнал олиш имконига эга бўлур эди. Бу тажриба синовидан ўтган, аммо кейинги йилларда унутиб юборилди. Бу яхши ишни яна йўлга қўйиш лозим.

Институтимиз собиқ ректорлари Пўлат Ҳабибуллаев, Абдурахим Мамадалиев, Толибжон Худойбердиев, Ойбек Ёқубжоновлар қайси йиғилишдан қайтишса, қўлларида янги сотиб олинган китоблар бўларди. Албатта, бундай яхши амаллар муқаддас туйғу бўлиб хотирада қолади.

Хулоса ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтирмоқчиман: “Китобсиз, маънавиятга, юксак тараққиётга эришиб бўлмайди, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”.

Зокиржон ЮНУСОВ суҳбатлашди.