Декабр 13, 2018 63

ҚИШ МАВСУМИДА ЭХТИЁТ БЎЛИНГ!

Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг беҳосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб, қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин. Натижада инсонлар турли хил оғир тан жароҳатлари олишлари ёки уларнинг бевақт вафот этиши юзага келади.

Ис гази-хонадонларимизда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик ёнилғи моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади. Ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб системасини зарарлайди.

Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда ва печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.

Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Заҳарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади, бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади, қусиш, ҳушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, баъзан ўлимга ҳам олиб келади.

Биринчи ёрдам кўрсатиш учун, аввало, заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Юзаки нафас олишда ёки нафас олиш тухтаб қолганда сунъий нафас олдира бошлаш лозим. Агар бемор ҳушида бўлса, тананинг юқори қисми қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой ва қаҳва ичирилади.

Табиий газ ва ис гази билан заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

-хонадонлар иситиш тизимларига табиий газнинг уланишида меъёрий талабларга риоя этилмаслиги;

-табиий газдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги;

- ностандар ва қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланиш;

- қишки иситиш қурилмаларининг назоратсиз қолдириш;

- ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик;

-иситиш учун мўлжалланган печкалар ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмаганлиги ва бошқалар.

Хонада табиий газ йиғилиб қолган ҳолатда, зудлик билан қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

-хонанинг ойна ва деразаларини очиб, шамоллатиш;

-хонадаги электр жиҳозларни ёқмаслик, ёниқ бўлса ўчирмаслик;

-газ жўмракларини беркитиш;

-газни беркитишнинг иложи бўлмаса ёки ёрилган, синган ва тешилган жойлар аниқланса, газ таъминоти авария хизматига хабар бериш.

Табиий ва ис газлари билан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда зудлик билан:

-заҳарланган кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг;

-"103" телефон рақами орқали "Тез тиббий ёрдам"га хабар беринг;

-"104" телефон рақами орқали Газ таъминоти хизматига хабар беринг;

-“1050” Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув хизматига мурожаат қилинг.

Ҳ. РАЗЗАҚОВ,

Андижон вилояти Фавқулодда

вазиятлар бошқармаси ходими