Ноябр 29, 2018 221

ҲАНГОМАДА ҲАЁТ НАФАСИ

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Андижон вилоятида янги бир адабий ҳаракат – ижодкорлар тўлқини пайдо бўлди. Бу тўлқин Олимжон Холдор, Тўлан Низом, Қамчибек Кенжа, Фарид Усмон, Омина Тожибоева, Замира Рўзиева, Наби Жалолиддин, Хуршида сингари ёзувчи ва шоирларнинг номи ва сермаҳсул ижоди билан ҳозирги адабий жараённинг маълум бир қисмини ташкил этади. Улар орасида, назаримда, ўзининг баракали ва серқирра ижоди билан қарийб ўттиз, ўттиз беш йилдан бери республикамиз китобхонлари ҳамда адабий-илмий жамоатчилик эътиборини ўзига жалб қилиб келаётган истеъдодли ёзувчи Ҳабиб Сиддиқнинг ўзига хос ўрни бор.

Ҳабиб Сиддиқ – қорамағиз, сипо, сахий, камгап, камсуқум, камтар ва дилкаш инсон. Бир, икки ҳамсуҳбат бўлганман. Исми жисмига монанд. Афтидан бирорта ҳам ғаними йўқ. Чунки у кишининг нутқида сира ёмон сўз учрамайди. Ҳаммани ўзига ҳабиб деб билади. У киши оз, лекин жуда соз сўзлайди.

Ўз соҳасининг етук билимдони. Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент. Домла республикамиз қишлоқ хўжалиги, айниқса сув хўжалиги ва мелиорация соҳасини яхши биладиган мутахассис. Шу йўналишда қирқ йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолият олиб борган олим, мураббий ва педагог.

Ҳабиб ака оилапарвар, шу билан бирга шогирдпарвар ҳам. Атрофида ҳамиша ёшлар – ёш олимлар ёхуд ёш ижодкорлар. Шундан бўлса керак устозни кўрган одам у кишининг олтмишдан ўтганларига сира ишонгиси келмайди. Бу ўринда домланинг ёш ижодкорлар тўгарагига раҳбарлиги, ёш қаламкашларнинг ижодий машқларини юзага чиқаришдаги беминнат хизматлари ё маҳоратли педагоглиги ҳақида индамай турамиз. Шунингдек, журналистлик, муҳаррирлик ёки ёшлар маънавиятини ривожлантириш, уларни етук, баркамол, ўз соҳасининг билимдони қилиб етиштиришдаги жонбозликлари, миллий қадриятларни асраш ва авайлаш ҳақидаги турфа публицистик чиқишлари ҳозирча суҳбатимиз мавзуси бўлмай тура қолсин.

Бизни, бинобарин, китобхонни, Ҳабиб Сиддиқ деган ёзувчининг бадиий асарлари, айниқса, ҳажвиялари, ҳажвий тип ва характер яратишдаги маҳорати қизиқтиради. Шундан келиб чиқиб, қуйида ёзувчининг кичик ҳажмли ҳажвиялари, аниқроғи, ҳангомалари ҳақида бир неча сўз юритамиз. Зора, мазкур мақола ёзувчига, шу билан бирга унинг мухлисларига бўлган шахсий эҳтиромимизни билдирувчи восита бўлиб хизмат қилса...

Илм аҳли бадиий ижод оламига ўзга соҳадан кириб келган ёзувчиларни “адашиб келган”, “замини бўш” ёйинки “назарий билими ҳаминқадар” деб гўё иккинчи даражали ҳаваскор ижодкордек баҳолашади. Бу таъриф-баҳони эҳтимол юмалоқ-ясси китоб чиқариб, тарғиб қилиб, китобхонлик маданиятимизни сусайтиришга сабабчи бўлаётган баъзи бир қаламкашларга нисбатан қўллаш ўринли чиқар. Бироқ ҳажвчи Ҳабиб Сиддиқ ижодини кузатсангиз, унинг замини мустаҳкам, назарий савияси ҳам ниҳоятда юқори эканлигига амин бўласиз. Шундай экан, Ҳабиб акани ижод дунёсига сира адашиб келган деб бўлмайди. Уни қисмат шу йўлга бошлаган. Унинг бу жабҳада ўзига яраша мактаб кўргани, тажриба орттиргани мағзи тўқ асарлар ёзишига кенг имконият яратган. Муҳими, Ҳабиб Сиддиқ ўқувчининг вақтини бекорга банд қилмайди, уни узоқ вақт ўйлатадиган, ўзи ҳақида, келажаги ҳақида бош қотиришга мажбур қиладиган асарлар яратишга бел боғлайди. Асосийси, Ҳабиб ака сўзни ниҳоятда тежайди, уни шунчаки бесамар қўллаш йўлидан бормайди.

Ҳабиб Сиддиқ “Муштум”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” сингари нашрлардаги дастлабки машқлари билан Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев, Анвар Обиджон сингари ёзувчилар, Абдулхай Махсум ва Ҳасанбой Султонов каби ўз даврининг улкан сўз усталари - аскиячилари эътибори ва эътирофига сазовар бўлган. Илм толиби бўлиб юрган чоғларида “Муштум” журнали таҳририяти қошида ташкил этилган ҳажвчи Неъмат Аминов раҳбарлигидаги “Ёш ҳажвчилар” мактабига қатнайди. Бу ердаги жўшқин ижодий муҳит, ҳаваскор дўстлар ва устозларнинг ўзаро самимий муносабати, баҳс-мунозаралар завқи ёш ижодкорни ушбу соҳага тамомила боғлаб қўяди.

Ҳабиб аканинг ёзганларини шунчаки ўқиб бўлмайди. Чунки улар шунчаки қоғоз қоралаш учун ёзилган эмас. Уларнинг ҳар бирида ёзувчининг маълум бир мақсад, муддаолари санъаткорона дарж этилган. Менимча, ёзувчининг ғоявий ниятларини чуқурроқ илғаш учун китобхонга пича тайёргарлик керакка ўхшайди. Негаки, Ҳабиб ака коса остига доим нимкоса яшириб қўяди. Эҳтимол, ёзувчининг ўзига хос поэтик маҳорати ҳам шунда бўлса керак. Яъни, Ҳабиб Сиддиқ ижодидаги маънолар силсиласини тўласинча англаб етмоқ учун оддий ўқирман эмас, зийрак китобхон бўлиш лозим.

Ҳабиб аканинг ҳанузгача чоп этган китоблари рўйхатидан бехабарман, аммо ижодининг таркибий тузилиши, мундарижаси, шакл ва мазмун ранг баранглигидан жиндай хабардорман. Тўғри, бир асарнинг бошқа китоб мундарижасида қайта чоп этиш ҳоллари кузатилади. Ҳозирги шитоб билан ўзиб бораётган ахборот хуружи даврида бунинг сира ёмон томони йўқ деган ўйдаман. Бирини сиз, бошқасини мен ўқийман. Дарвоқе, Ҳабиб аканинг “Кар қулоққа танбур” номли илк ҳажвиялар тўплами 1990 йилда ёзувчи Абдусаттор Ҳотамовнинг ҳажвий ҳикоялари билан бирга “Ғалати нусхалар” деган умумий ном остида “Муштум” кутубхонаси” туркумида 55 минг нусхада нашр этилган экан. Буни жуда катта ютуқ деб ҳисобласак бўлади. Ҳозирги иқтисодий эврилишлар шароитида китоблар адади кескин тушиб кетди. Майли, умуман йўқдан кўра озроқ бўлса ҳам бори дуруст. Нима дедингаз?

Ҳабиб Сиддиқнинг “Чироғи ёниқ хонадон” (Тош., 2013) номли сайланмасини ёзувчи ижодида, нафақат ёзувчи балки замонавий ҳажвчиликда ўзига хос ҳодиса десак янглишмаймиз. Китоб таркиби жиҳатдан кириш сўздан ташқари олти бўлимдан иборат. Асосий қисмини ҳажвиялар, ҳангомалар ва таржималар ташкил этади. Китобга профессор Йўлдош Солижонов бошсўз битган. Негадир домла бош сўзда анъанавий таҳлил йўлидан бормайди, ёзувчи асарларининг сарлавҳаларини занжирсимон бойлаб, улардан маъно чиқаришга эришади. Ўзгача айтсак, сўзбоши ҳам ҳажвнамо шаклда ёзилган.

Ёзувчининг жажжи ҳангомаларини ўқисангиз, қалбингиз ғубордан аригандек, руҳингиз тетиклашгандек бўлади. Зеро, адибнинг мақсади ҳам шу. Муаллиф ҳажв ё ҳангома битар экан, ҳеч қачон қаҳрамони устидан кулмайди. Аслида ачиниш, шафқат қилиш лозим бўлган қаҳрамоннинг у ёки бу иллатини санъаткорона фош этиб, ўқувчига кулги инъом этади. Шу билан бирга ҳукм ё хулосани ҳам ўқувчи зиммасида қолдиради. Ҳабиб Сиддиқ ўзаро суҳбатларимиздан бирида “кулгида бош меъзон меъёр ҳисобланади, меъёр бузилган жойда кулгининг оҳори тўкилиши мумкин, меъёрни эса дид, фаросат белгилаб бериши лозим” деган эди. Бу ёзувчининг ўзига ва шу билан бирга ҳажвчиларга қўйган талаби. Менимча тўғри, адолатли талаб. Жамиятда, кундалик турмушимизда нима кўп – иллат кўп. Хом сут эмган банда бўлсак. Нафс қурғур ҳакалак отаверса. Буни олдини олиш учун кимдир қайғуриш керак-ку! Шу маънода ёзувчиларни давримиз барометри десак тўғри бўлади. Айниқса, ҳажвчилар жамиятдаги иллатларни тозалашга уриниш билан бутун бошли инсониятни ҳалол йўлга бошловчи маёқ вазифасини ўтайдилар.

Ҳабиб Сиддиқ ҳангомаларидаги ўзига хослик нималарда кўринади? Ўқирманлар унинг ижодини севиб ўқишларининг сири нимада?

Аввало, кичик асарни ўқишли қилган бош омил унинг тили масаласидир. Тил нўноқ бўлса, ғоя ҳам заиф бўлади. Ҳангомаларнинг тили содда, услуби равон, унда жонли халқ тилидан унумли фойдаланилган. Тугун ва ечим жуда қизиқарли шаклга эга. Шу боис асар халқчил руҳ касб этади. Ҳабиб аканинг “сир сақлаш” ва “ишонтириш” салоҳияти жуда баланд. Ўқиётганда, тугунни кўриб қизиқиб қоласиз. Воқеа қандай якун топади деган ўй хаёлингизни банд этади. Сўнг кутилмаган ечимга етиб борасиз.

Ҳангомани митти ҳажв дейилиши бежиз эмас. Унда гўё томчида қуёш акслангандек тасаввур пайдо бўлади. Баъзи ҳангомалар бир савол ва бир жавобдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Ҳангома қандай шаклга эга бўлишидан қатъий назар унда турмушнинг бир парчаси, ҳаёт нафаси уфуриб туради. Ҳабиб Сиддиқ ҳангомаларининг тематик доираси беҳад кенг. Унда турли мавзулар: ялқовлик, “ишбилармонлик”, ичкиликбозлик, анқовлик ва гўллик; турли ёшдаги кишилар: муғамбир болалар, айёр талабалар, лақма эр-хотинлар, эзма ё анқов чол-кампирларнинг умумлашма образлари орқали ёритилади. Ёзувчи боя айтганимдек қаҳрамони устидан ҳукм чиқармайди, бироқ одамзоднинг кулгили ҳолатга тушиш сабабларини истеҳзо усулида тасвирлашга эришади. Ўқувчи асарни ўқиб, мириқиб кулади, кейин дарров ҳушёр тортади. И-е, ёзувчи қишлоғимиздаги фалончи акани ёзибдими? Дарвоқе, мана бу чол гузар тепасида яшайдиган эзма, тажанг Тошмурод бобо-ку, дейиши ҳам мумкин. Муҳими, китобхон ҳангома ичида иккита танишини кўрдими, бас, учинчи қаҳрамон ўзига ўхшаб кўринадиган тип ё қаҳрамон бўлиб чиқади. Эътибор қилинг, ҳажвчининг “Атирсовун йўқ эканми?” ҳангомасида кўкнорига ружу қўйиш оқибатида хотираси буткул заифлашган кимсаларнинг ночор, ачинарли қиёфасига рўбарў келамиз:

Уч–тўртта кўкнорихаёл узум бозоридаги чойхонада ўтиришиб биттасини тарвуз олиб келгани юборишибди. У ҳам кўкнориларнинг бири-да, тўрт қадам юрибоқ нима учун борганлигини унутибди–ю, тўғри дўконга кириб ўша пулга кирсовун сотиб олибди. Қайтиб келса бошқа кўкнорилар ҳам нимага жўнатганликлари эсида йўқ ҳайрон бўлиб сўрашармиш:

- Нима, атирсовун йўқ эканми, кирсовун олибсан-а?..

Бу билан ёзувчи чекишга муккасидан кетган кимсаларнинг ночор аҳволини тасвирлаб берган. Аслида адиб атрофимиздаги кишиларни, айниқса, ёшларни бу каби жирканч ишга қўл урмаслик, кўкнори чекиш инсонга ҳеч қачон обрў келтирмаслиги, аксинча, жисмоний-руҳий жиҳатдан одамзодни толиқтириши, ичдан емириши, бора-бора маҳв этиши хусусида жиддий огоҳлантиради. “Тилакда гап кўп”, “Иродангга балли”, “Ҳаммаси аввалгидай”, “Санъатини ишга солди” ҳамда “Нафи ҳам бор” сингари ҳангомаларда ичкиликбозлик ва унинг салбий натижалари кескин танқид остига олинган. Бу жиҳатдан, айниқса, “Ҳаммаси аввалгидай” номли ҳангома эътиборга молик:

Ғилдирак цехининг ишчилари орасида ичкиликни ҳуш кўрадиганлар кўпайиб кетибди. Корхона раҳбарлари муҳокама, суҳбатлар натижа беравермагач цех ишчиларининг маошини икки баравар камайтиришибди. Лекин ичкиликбозлик камаймабди. Ҳатто иш вақтида ҳам ширин бўлиб юришар эмиш. Кейин ароқнинг нархини оширишибди. Ҳеч нарса ўзгармабди. Ўша-ўша, тушда ҳам, оқшомда ҳам ширакайф ишчилар ғимирлаб юришаркан.

Охири, бунинг сабабини билиш учун улардан бирини сўроқ қилишибди:

- Шунча ўзгаришлардан кейин ҳам нега ичликбозлик камаймаяпти?

- Қанақа ўзгариш?

- Маошнинг камайтирилгани, ароқнинг нархи ошгани …

- Ҳа, уларни бизга алоқаси йўқ. Чунки биз илгари ҳам битта ғилдиракни иккита ароққа алмаштириганмиз, ҳозир ҳам…

Кўринадики, корхона ишчилари ўзлари ишлаб чиқарадиган ғилдираклардан бирини ароққа айрибош этишар экан. Демак, митти асарда одамзоднинг уч хил нуқсони фош этилган: давлат мулкини сотиш, ўрнига заҳар – спиртли ичимлик харид қилиш, шуни истеъмол қилиш. Демак, адиб айтмоқчи кишининг бир хатоси бошқа қусурларининг пайдо бўлишига сабабчи бўлиши мумкин экан. Бу ерда бош мавзу, кўриб ўтганимиздек, ичкиликбозлик. Қолгани шу иллат ортидан илакишиб келаётган нуқсонлар. Нафсиламри, одам ичкиликдан тамомила фориғ бўлса, бошқа қусрлари ҳам барҳам топади. Сезиладики, ёзувчи жажжи асар бағрига бир эмас, бир неча муддаоларни жойлаштирган ва уни киноя, кесатиқ орқали ўқирманга етказмоқда. Кейинги ҳангома бундан-да аломат, қизиқарли сюжет қолипига ўралган. Тирикнинг ташвиши кўп. Хусусан, ёшинг бир жойга борсаю, фарзандларинг беэътибор бўлса, ёрдам ўрнига “жимгина ўтирсангиз бўлмайдими?” деб танбеҳ берса. Хуллас, шу ё шунга ўхшаш юмушлар бобо-момоларимизни чарчатган, асаблари толиққан, паришонхотирлар ҳам бисёр. Бу туркум ҳангомалар орасида, айниқса, “Сўраганингиз нима эди?” асарчасини ўқиш ғоят мароқли:

Асаб касалликлари шифокори ҳузурига хотинини олиб келган киши ҳасратини тўкиб солиб, ёрдам сўради. Шифокор бемор аёлни кўздан кечирар экан, савол берди:

- Ўзи паррандачилик маҳсулоти, рангги оқ. Нима?

- Тош, - деди бемор.

- Мана шунақа аҳвол, - деди эр хўрсиниб.

-Ўзи товуғингиз туққан нарса, усти қаттиқ, ичи суюқ, - деди шифокор, бу гал тушунтириброқ, – ранги оппоқ. Бу нима ўзи – а ?

- Оппоқ тош.

- Э- э,- деди эр хуноби ошиб.

- Бўлди, - деди доктор, - беморни олиб чиқаверинг, даволаниш учун йўлланма ёзиб бераман.

Хотинини ташқарига олиб чиқиб қўйган эр хонага қайтиб кириб йўлланмани олгач шифокорга раҳмат айтиб деди:

- Яна бир нарсани сўрасам майлими, дўхтир?

- Бемалол.

- Агар мумкин бўлса, менга айтиб беринг, дўхтир. Ҳалиги сўраганингиз нима эди?

Кўринадики, кампирини асаб шифокорига кўрсатишга олиб борган чолнинг ўзи ҳам паришонликда, хотира заифлигида, эҳтимол анқов ва гўлликда кампиридан сира қолишмас экан. Мен ҳатто ҳангоманинг етакчи қаҳрамонини ана шу бобой дейишга мойилман. Чунки, тугун унинг саволи билан ечилади. Умуман, Ҳабиб Сиддиқ ижодида содда, гўл эр-хотин, айниқса, чол ва кампир сиймоси турли ранг-тусда турлича тасвирланади. Тўғри, ёзувчи қаҳрамонларини айни ҳаётдагидек тасвирламайди. Мақсад ҳам ундай эмас. Лоф бўлмаса, гап бўлмас, дейдилар. Ҳабиб ака ҳаётда кўрган, кузатган, ҳамсуҳбат бўлган отахон ва онахонлар характерини, унинг ички психологиясини, характер мантиғини пухта ўрганиб, уларга поэтик жило бериб, муболаға усулида бизга ҳикоя қилиб беради. Ўқиганда, тиззага уриб куламиз, дўст-биродарга айтиб бергимиз ҳам келади. Бу асарнинг халқчиллигидан нишона.

Қайнона-келин муносабатларини истеҳзоли ифодаловчи асарлар халқ ижодида ҳам, ёзма адабиётда ҳам бисёр. Уларда кўпинча келиннинг қайнонасидан норозилиги тасвирланади. Ҳабиб аканинг “Оғриқ тиш” номли асарида ҳам асосий эътибор келинга қаратилган. Бироқ ёзувчи анъанавий ҳодисани мутлақо янги шаклда ифода қилишга эришган:

-Қайнонангиз оламдан ўтибдилар. Сиз учун катта йўқотиш бўптида-а?..

-Вой, нимасини айтасиз, дугонажон,- деб чуқур хўрсинди келин.-Худди узоқ вақтдан бери оғриётган тишингни олдириб ташлагандай бўп қоларкансан.

Ҳажвчининг қаҳрамон танлашдаги яна бир маҳорати менга жуда ёқади. У киши ўрта ёш ё кексаларнинг салбий хислатларини қаламга олиш билан чекланмай, гоҳо боғча боласи ё мактаб ўқувчисининг ҳам юмористик қиёфасини чизиб беради. Гап болалар ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ ҳангомалар устида кетганда, юмористнинг “Митти “ишбилармон””, “Савол” ҳамда "Ўзингизга ўхшабди” каби асарларини эслаш кифоя.

“Ўзингизга ўхшабди” номли асарчада ўғлидан шикоят қилган отага турмуш ўртоғи “ўзингизга ўхшайди-да” деб жавоб беради. Буни ўқиган ўқувчи “олманинг тагига олма тушади” мақолини ёдга олиши мумкин. “Савол”да отанинг “туяни ютишса, думини кўрсатишмайди” деган иборасини бола тушунмайди, тасаввурига сиғдиролмайди. Шунинг учун онасидан: “аввалги бошлиқлар сеҳргар бўлганми?” деб савол беради. “Митти “ишбилармон” бундан-да қизиқ:

-Болалар, келинглар, “ҳайвонот боғи” ўйнаймиз.

-Майли, қандай қилиб?

-Жуда оддий. Мен олмахон бўламан. Сизлар уйларингиздан менга ёнғоқ опчиқасизлар.

Кўряпсизми, бу қизалоқ кун келиб албатта бизнесмен ё дўкон мудираси, хуллас, пулни думалатиб кўпайтирадиган ишбилармон бўлармикин ёки тамагирлик, порахўрлик домига тушиб қолармикин, деб ўйга толасиз. Андозани катталардан олмаяптими, деган фикр ҳам туғилади. Катта арава қайси йўлдан юрса... дейдилар-ку!

Хуллас, Ҳабиб Сиддиқ ҳангомалари турмушда учрайдиган турли воқеалар - ялқовлик, лаганбардорлик, ваъдабозлик, айёрлик, ичкиликка берилиш, гиёҳвандлик ва бошқа ижтимоий ўсишимизга ғов бўладиган иллатларни аёвсиз фош этиши, ўқирманга эса хуш кайфият улашиши билан ҳозирги ҳажвчилигимизда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Ҳабиб ака ижодида жиддий ҳикоялар, ҳажвиялар, публицистик асарлар, жаҳон классик ёзувчилари бисотидан ўгирилган таржима сатиралар ҳам борки, уларни ўрганиш, холис баҳолаш, шубҳасиз ўзга мақоланинг мавзуси бўла олади.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди