Ноябр 02, 2017 1150

ХИЗМАТ КИЙИМИ БИЛАН БОҒЛИҚ МУНОСАБАТЛАР ТАРТИБГА СОЛИНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 февралда ПҚ–2800-сонли “Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг формали кийим-бошларини ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, тасдиқлаш ва тайёрлаш механизмини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш, хизмат кийими турлари ҳамда хизмат кийими кийиш белгиланган давлат идоралари ва ташкилотларни белгилаш, хизмат кийимини реализация қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳамда хизмат кийими уни кийиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан кийилганда тегишли жазо чораларини белгилашни назарда тутар эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Президент қарорининг 7-банди ижроси доирасида «Хизмат кийимини тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиш механизмининг тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари ва ишчи гуруҳлари томонидан экспертлар иштирокида «Хизмат кийимини тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиш механизмининг тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда.

Амалдаги қонунчилигимизда, формали махсус кийим-бошлар уч тоифага бўлинади:

Биринчиси, ҳарбий кийим-бош (МВ, ИИВ, ФВВ, МХХ, МХХ ДЧҲҚҚ – Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, ДБҚ, Ҳарбий прокуратура, Давлат фельдъегерлик хизмати ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Махсус авария-тиклаш бошқармаси);

Иккинчиси, идоравий кийим-бош (ДСҚ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Прокуратура органлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти, “Республика махсус алоқа узели” ДУК);

Учинчиси, махсус кийим-бош (“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, идоравий ва идорадан ташқари қўриқлаш тузилмалари).

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунга қадар айрим давлат идоралари ва ташкилотларда турли хилдаги хизмат кийимларини кийиш белгиланган бўлиб, бу борада ягона давлат сиёсати ўрнатилмаган эди. Ҳаттоки, баъзи идораларда тегишли тартибда тасдиқланмаган хизмат кийимини кийиш ҳоллари ҳанузгача учраб келмоқда.


Шунингдек, хизмат кийимини кийиш ҳуқуқига эга бўлмаган турли шахслар томонидан давлат органлари ходимлари учун белгиланган хизмат кийимини кийиши учун жавобгарлик чораси белгиланмаганлиги сабабли кўча-куйда фуқаролар томонидан аксарият ҳолларда ҳарбий хизмат кийими ёки унга ўхшаш кийимни кийиб юриш ҳоллари кузатилмоқда. Бу холат ўз навбатида давлат органлари ходимлари ва уларнинг хизмат кийими нуфузига путур етказиб келаётир.

Қонунга киритилиши кўзда тутилган янги нормаларга асосан, биринчидан, махсус формали кийим-бош кийиб юриши белгиланган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ҳарбийлари ва ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус кийим-бошларини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан ноқонуний кийиб юрганлик учун жарима тариқасидаги маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.

Хусусан, бунда формали кийим-бошни мусодара қилиниб, ҳуқуқбузарга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилмоқда.

Иккинчидан, формали кийим-бошни ноқонуний кийиб юрган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишнинг процессуал механизмлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Жумладан, қонунга хилоф равишда формали кийим-бошни кийиб юрганлик ҳолатлари аниқланганда, бундай шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш Ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилиши таклиф этилмоқда (МЖтК 287-модда). Шу билан бирга, бу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш вазифаси Маъмурий ишлар бўйича судларга (МЖтК 245-модда) юклатилмоқда.

Учинчидан, лойиҳада “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунларига ушбу вазирлик ва идораларнинг формали кийим-бошини тасдиқлаш ваколатига эга бўлган субъектлар (Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси) аниқ белгилаб берилмоқда.

Тўртинчидан, Президентимизнинг қарорига мувофиқ, тасдиқланган намунадаги формали кийим-бошнинг савдо расталари ва дўконлардаги эркин савдоси тақиқланган, шу боис вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳарбийлари ва ходимларининг белгиланган намунадаги формали кийим-боши савдоси билан боғлиқ фаолият учун тегишли лицензия талаб этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, «Хизмат кийимини тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиш механизмининг тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши ҳарбий ва идоравий хизмат кийимининг кийилишини тартибга солишга, қонунга хилоф равишда формали кийим-бошларни кийиб юриш ҳолатларининг олдини олишга, хизмат кийими ва давлат хизматчисининг нуфузини оширишга ҳамда бу борада ягона давлат сиёсатини ўрнатишга самарали хизмат қилади.

Алишер ХАМРАЕВ,

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.