Ноябр 15, 2018 253

ХАНДОН ПИСТА ЕТИШТРИШ ИСТИҚБОЛЛИ СОҲА

Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам хондон писта, айникса, кимматли экиндир. Чунки бу ўсимлик сунъий суғоришсиз ўса олади ва бемалол сифатли ҳосил беради. Писта ўсимлиги иссиқ, совуққа, қурғоқчиликка ва табиатнинг турли инжиқликларга чидамли ўсимликдир. Писта денгиз сатҳидан 500-2200 метр баландликкача бўлган ерларда яхши ўса олади.

Ўзбекистоннинг денгиз сатҳидан 500-1300 метр баландликдаги Чортқол, Ҳисор, Боботоғ, Зарафшон ва бошқа тоғ тизимларининг лаълмикор этакларда ўртача йиллик ёғингарчилик миқдори 300-360 мм ва ижобий ҳароратни йиллик йиғиндиси 3500 C0 бўлган шароитда саноат пистазорларни яратиш истиқболли ҳисобланади.

Писта (pistacia), хандон писта – пистадошлар оиласига мансуб, бута ёки дарахтлар туркуми, ёнғоқ мевали дарахт. 300-1000 йилдан ортиқ умр кўради. 20 дан ортиқ тури бор. Жанубий Европа, Ғарбий, Ўрта ва Шарқий Осиёда, Шимолий, Шарқий Африка ва Марказий Америкада ўсади. Ўрта Осиёда ёввойи ҳолда ўсадиган чин писта (pistavera) ва тўмтоқ баргли писта (pistamutica) турлари. Бўйи 2,5-10 метр шох-шаббаси тарқоқ, 10-12 метр кенгликда. Писта икки уйли ўсимлик, -40 C0 совуққа чидайди. Апрель-май бошларида дастлаб, эркак, сўнгра урғочи дарахтлари гуллайди, гули мураккаб, рўваксимон тўпгулдан иборат, шамол ёрдамида чангланади.

Писта август-сентябрь ойларида пишади. Қобиғи юпқа, қаттиқ, етилганда баъзиларининг учи ёрилади, мағзи яшил, мазали, таркибида 63 фоизгача мой, 22 фоиз оқсил, 7 фоизгача углеводлар, В гуруҳи витаминлари, А провитамино бор; асосан, қовурилган ҳолда истеъмол қилинади. Қандолатчиликда ҳам кўп ишлатилади. Писта лаълми ерларда 10-12, суғорма ерларда 7-8 йилда ҳосилга киради. Ёввойи ҳолдагилари 15 кг гача, пайванд қилинган 8-10 йиллик дарахтлари 30-45 кг мева беради. Писта баргларида пайдо бўладиган ғудда-бужғунларда таннид (30-40 фоиз), бўёқ моддалари бор. Писта қурғоқчиликка чидамли. Уруғидан ва пайвандлаб, бачкисидан парғиш қилиб кўпайтирилади.

Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида писталарнинг 6 хил нави яратилган, 30 дан ортиқ навларидан коллексия барпо этилган.

Бугунги кунда аҳолининг, табиий тоза маҳсулотга бўлган талабини қондириш мақсадида турли соҳалар тубдан ислоҳ қилинмоқда. Шу жумладан, пахта кам ҳосил берадиган майдонлар иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган экинлар экиш, шу жойларнинг бир қисмида писта плантацияларни ташкил этиш анчагина самара беради.

Катта мақсадларни кўзлаган кичик тажриба.

Хандон пистани кам ҳаражат қилиб, уруғдан ундириш тажрибаси 2018 йил 6 март куни 500 грамдаги Эрон пистанинг жами 590 дона уруғини старификацияга қўйиш билан бошланди. Бунда қуруқ жойда сақланган писта ёнғоқларини, яхши ювилган дарё қуми билан 1:5 нисбатда аралаштирдик, очиқ жойда бу жараён 30-40 кун давом этди.

Биз буни тезлаштириш мақсадида 20-25 C0 питомникда сақлаб, 3-4 кунда уруғ ва қум аралашмасини намлаб, 10-14 кунда уруғларимизни дастлабки, яъни муртаги бўртганларини ажратиб олиб уларни 30 смли махсус елим (силиндр шаклида)га чиринди ва тупроғ аралашмаси тўлдириб, уст қисмига бармоқ билан 2-3 см чуқурча ҳосил қилиб, ниш урган қисмни пастга қаратиб, зиён етказмасдан жойладик ва устига 1-2 см дарё қуми солдик. 2018 йил 20 март куни 50 та контейнер халтачага ниш урган уруғларни жойлаштириб чиқдик. Орадан 4 кун ўтиб яна 100 та ниш урган уруғларни махсус халтага жойладик.

Шундай қилиб, орадан 23 кун вақт ўтгач, ниш урган уруғ сони 220 донага етди. Қолган қисми нобуд бўлди. Писта ташқи муҳит таъсирларига чидамли, лекин кўчат етиштириш машаққатли ҳисобланади. Уруғларнинг 3 дан 2 қисми нобуд бўлса, ниш урган уруғлар ҳам кўклаб кетавермайди.

Бизда ҳам худди шундай бўлди. 220 дона ниш урган уруғлардан 150 донаси униб чиқди. Бироқ, улардан фақат 80 донаси кўкарди холос ва у кўчатлар бугунги кунда Фарғона вилояти Бешариқ туманида адирда ўсмоқда. Табиат инжиқликларига қарамасдан ўсиб сифатли навларга уланиб мева бериши умидидамиз. Тажриба жараёни давом этмоқда.

Аҳоли эҳтиёжи ўсиб бораётган бугунги кунда сифатли озуқабоп мева маҳсулотларини етиштириш алоҳида ўрин тутади. Писта бу соҳада ўз ўрнига эга чунки унинг таркибида 40-60 фоизгача ёғ, 15-20 фоиз оқсил, 3-8 фоиз шакар ва жуда кўп макро ва микроэлементлар мавжуд. Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”да жигар, ошқозон касалликларини даволашда, ташқи яраларни битказишда алоҳида аҳамиятга эгалиги таъкидланган. Қувватсизлик, жинсий заифликда эса асосий воситалардан бири ҳисобланади.

Элдорбек СИДДИҚОВ,

ТДАУ Андижон филиали

Агробиология факультети талабаси