Ноябр 29, 2018 133

“CОЛИҚ СЕРВИС” – СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ МАСЛАҲАТЧИСИ ВА ЯҚИН КЎМАКЧИСИ

Бугун давлат солиқ хизмати органлари олдида “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган эзгу мақсадли вазифани бажариш асосий масалалардан бири ҳисобланади. Шунга монанд, мамлакат солиқ тизими жаҳон стандартларига тўлиқ мос келадиган тарзда шакллантирилиб, солиқ органлари фақат солиқ йиғувчи эмас, балки аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи сифатида фаолият юритадиган бўлди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида республикамизнинг 14 та ҳудудида «Солиқ-сервис» ДУКнинг ҳудудий марказлари ташкил этилди.

Ҳозирда вилоятимизнинг ҳар бир тумани бўйича тайинланган биттадан вакил ушбу туманлардаги солиқ тўловчилар билан доимий асосда ишлаши йўлга қўйилди. Жумладан, Андижон тумани давлат солиқ инспекциясида ҳам ушбу хизмат фаолиятини бошлади.

Хўш, унинг вазифаси нималардан иборат?

“Солиқ сервис” вакиллари солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлаш, “call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатади.

Шунингдек, солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш, ахборотни ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш юзасидан иш олиб боради.

Бундан ташқари, ҳар бир давлат солиқ инспекцияларида махсус инфокиосклар жойлаштирилиши кўзда тутилган. Улар орқали солиқ тўловчилар «Солиқ-сервис» томонидан кўрсатиладиган хизматлар, солиқ ставкалари ва соҳадаги янгилик ҳамда ўзгаришлар хусусида умумий маълумотларни олишлари мумкин.

Бир сўз билан айтганда, фаолиятини янги бошлаган тузилма аҳолида солиққа оид саволлар туғилганда, уларга батафсил тушунтиришлар бериш билан бир қаторда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг солиқ тўловчиларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишларига ҳам яқиндан ёрдам беради. “Солиқ сервис” – солиқ тўловчиларнинг маслаҳатчиси ва яқин кўмакчиси.

Фаррухбек АКБАРОВ,

Андижон тумани “Солиқ-сервис” ДУК ходими