Ноябр 29, 2018 130

БУЮК БРИТАНИЯДА СЕМИНАР

Erasmus+ дастури Европа Иттифоқининг талабалар ва профессор-ўқитувчиларни Европанинг таълим ва маданиятини ўз мамлакатларидан ташқарида ўрганишга рағбатлантириш бўйича дастури ҳисобланади.

Erasmus+ дастури доирасида TOPAS лойиҳаси асосида тажриба алмашиш мақсадида Украина, Ўзбекистон, Арманистон, Германия, Руминия ва Полшадан келган меҳмонлар иштирокида Буюк Британиянинг Writtele University Collegeда ўқиш методлари бўйича семинар ўказилди. Ушбу семинарга ТДАУ Андижон филиали директори А.Абдувасиқов, “Агробизнес ва инвестицион фаолият” кафедраси катта ўқитувчилари Д.Рустамова ва М.Шодмоновлар иштирок этдилар.

Лойиҳанинг мақсади Украина, Арманистон ҳамда Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги олий таълимда мавжуд умумий бўшлиқларни тўлдириш, малака ва кўникмалар асосида битирувчиларга мўлжалланган амалий дастурларни таништириш ва такомиллаштириш, аграр жараёнларни бошқаришнинг турли дастурларига мутаносиб ўзгарувчан ўқув режаларга эга бўлган ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришдир.

Шунинг учун, Ўзбекистон, Арманистон ва Украина университетлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида ўқитувчилар ва талабалар билимини ошириш ҳамда давлат ёрдами билан ESQIP дастури орқали ҳар томонлама мос келадиган схемалар ишлаб чиқилади. Бу кўзланган мақсадга қуйидаги ишларни бажариш орқали эришилади:

  • Қишлоқ хўжалиги менежментидаги ҳозирги кундаги баҳолаш ва ўқитиш тизими кейинроқ амалий усуллар билан қўллаб-қувватланади.
  • Интенсив ўқитувчилар тайёрлаш курслари.
  • Европа иттифоқи модели асосида мониторинг қилиш тизими. Дастур қишлоқ хўжалигидаги корхоналар ва фермалар асосан нималарга эҳтиёж сезаётганини олий таълим сохасига билдиради.
  • Қишлоқ хўжалиги корхоналарида ва фермаларда иш ўринларини яратиш ва соҳадаги бўшлиқларни тўлдириш учун ўқитувчилар замонавий электрон алоқа тармоқ ёрдамида фикрларни алмашиб турадилар.
  • Тўпланган маълумотлардан янги қўлланмалар, дарсликлар яратишда ва бошқа илмий тадқиқотларни амалга оширишда фойдаланилади.

Семинар якунида лойиҳа таркиби бўйича келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланиб, тақсимлаб олинди. Лойиҳа иштирокчиси бўлган ҳар бир ўқув юрти ўз институтидаги таълим жараёни ҳақида видео лавҳаларни веб-сайтга жойлаштириш ва Феcабоокка камида 100та талабани қўшиш вазифаси юклатилди. Бизнинг делегациямиз вакилларига 2019 йил февраль ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан бўлган буғдой, парранда ва гўшт маҳсулотларини етиштириш ва сотиш калкуляцияси тўғрисидаги маълумотларни тайёрлаб лойиҳа веб-сайтига жойлаштириш вазифаси белгиланди.

Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Баҳодир НОСИРОВ,

ТДАУ Андижон филиали

Халқаро алоқалар бўлим бошлиғи