Июл 26, 2018 244

БОСИМНИ НАЗОРАТ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?

Соғлом кишида қон босими муҳитга мослашиб, ўртача мувозанатда туради. Баъзиларда қон босими паст, бошқаларда, аксинча, босим юқорироқ бўлади. Турли таъсиротлар натижасида томирларнинг кенгайиши ёки торайиши рўй бериб, касаллик аломатлари юзага чиқади. Томир фаолиятидаги бундай ўзгариш фақатгина бош мияда кечаётган жараёнларга эмас, балки асабни қўзғатувчи ташқи ва ички кучига ҳам боғлиқ.

Қон босими сутка давомида гоҳ юқорилаб, гоҳ тушиб туради. Одатда куннинг биринчи ярмида босим меъёрда бўлса, иккинчи ярмида бироз кўтарилади. Тунда эса яна меъёрий даражага келади.

Хуллас, артериал босимнинг доим бир хилда туриши “ишчи қон босими” деб юритилади. Мабодо, ана шу ўртача босим кўтарилса, дори-дармон билан ўз ҳолига келтириш лозим. Борди-ю, қон босими пасайса, беморнинг тинкаси қуриб, беҳол бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳозирги вақтда шифокорлар дори-дармон буюришдан аввал кишининг “ўртача кўрсаткич босими”ни суриштиради.

Томирларда қон босими турлича бўлади, юракдан узоқлашган сайин пасайиб боради: аортада анча юқори, капиллярда эса бирмунча паст.

Қон босими икки даражадан иборат: устки (систолик) ва пастки (диастолик). Артериал гипертония касаллиги ана шу икки даражанинг кўтарилишидан келиб чиқади.

Аслида юрак кислородга тўйинган қонни артериялар орқали танамизнинг барча аъзолари ва тўқималарига ҳайдайди.

Борди-ю, артериялар девори бирор сабаб натижасида торайса, қон оқиши бузилади ва босим ошади, юрак қон ҳайдаш учун одатдагидан кўра кўпроқ куч сарфлаб, тезроқ қисқаради. Хуллас, шу тариқа артериал гипертонияга йўл очилади. Хўш, қайси омиллар гипертонияга олиб келади?

*Ирсий омил, яъни оила аъзоларидан бирининг артериал гипертония билан оғригани;

*Қандли диабет ва буйрак касалликлари;

*Ортиқча вазн, яъни семририб кетиш;

*Камҳаракатлилик;

*Ёғли ва шўр овқатларни кўп истеъмол қилиш.

Қон босими ҳамма ёшдаги кишиларда кўтарилиши мумкин. Лекин ёшларда кўпроқ буйрак, юрак ва бошқа ички аъзолар касалликларидан сўнг юзага келади.

Ўрта ёшдаги кишиларда гипертония касалликларга нисбатан кўпроқ учрайди.

Катта ёшлиларда 50-60 ёшдан ошгач, қон томирлари склероз бўлиб қолгани натижасида босим кўтарилиши кузатилади. Склерозда босимнинг юқори даражаси кўтарилиб, пастки даржаси кўтарилмаслиги мумкин.

Бўйиннинг умуртқа қисмида туз йиғилганда ҳам баъзан қон босими тез-тез ўзгариб туради.

Агар қон босими меъёридан бирмунча юқори турса-ю, кишини ҳеч нарса безовта қилмаётган бўлса, хавотирга тушмаса ҳам бўлади. Яхшиси, “ишчи қон босими”ни билиб олсин.

Босимнинг кўтарилишига кўпинча ташқи муҳитнинг ёмон таъсирлари сабаб бўлади. Касаллик аста-секин ривожланади, беморнинг уйқуси бузилиб, боши оғрийди, тажанглиги ортади. Шундай вақтда тинч шароит яратилса, нохуш аломатлар ўтиб кетади. Лекин анча йиллардан сўнг (яъни, турмуш тарзидаги муаммолар кўпайиб, касаллик қайталанишга имкон яратилгач) бош оғриғи кучайиб, доимий тусга ўтади, айниқса, бошнинг орқа томони тортишиб оғрийди, томир гупиллаб ураётгандек бўлади. Бу вақтда кучли чарчоқ рўй беради, хотира сусаяди, фикрни тўплаш қийинлашади, бўшашиш ва кайфиятнинг бузилиши юзага келади.

Артериал гипертониянинг ривожланишига кўра уни уч босқичга бўлиш мумкин.

Биринчи босқичда беморни юрак соҳасида ва бошдаги оғриқ, бош айланиши, уйқусизлик, салга жаҳл чиқиши, терлаш, оёқ-қўлларнинг увишиши, қулоқ шанғиллаши безовта қилади.

Иккинчи босқичда оғриқ зўрайиб, тез-тез тутиб туради, бош айланади, уйқу бузилиб, бемор тез чарчайди, меҳнат қобилияти пасаяди, юрак сиқилиши ва юракни ғижимловчи оғриқдан, кўз атрофининг қоронғилашишидан, қулоқ шанғиллашидан безовталанади.

Агар бемор ўз вақтида даволанмаса, гипертония учинчи босқичга ўтади. Бу босқичда касаллик аломатлари янада зўраяди. Кучли бош оғриғи, бош айланиши, хотиранинг пасайиши, буйрак фаолиятининг бузилиши сингари ҳолатлар кузатилади.

Артериал гипертония касаллигининг ҳар қандай босқичида қон босими бирданига кўтарилиб кетиши, яъни гипертония кризи юз бериши мумкин. Бунда беморнинг боши қаттиқ оғриб, айланади, қайт қилади. Ҳушдан кетиш, кўз хиралашуви ёки кўрмай қолиш ҳолатлари юз беради. Шундай пайтда дарҳол врач чақириш керак.

Гипертонияга чалинган беморлар биринчи навбатда овқатланиш таритибига риоя қилишлари лозим.

Углеводларга бой маҳсулотлар, мевалар, кўкатлар, резаворлар, тоза асал еб турган маъқул. Шунингдек:

*шўр таомлар ейишдан тийилинг;

*кун бўйи, айниқса, кечаси билан зўр бериб ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланманг;

*имкони борича толиқмасликка ҳаракат қилинг;

*меҳнат ва дам олиш тартибига риоя этинг;

*стресслардан қочинг;

*узоқ вақт нуҳий тушкнликка берилманг;

*климактерия даврида (40-55 ёшлар атрофида) осйишта турмуш тарзига амал қилинг.

Шуни унутмангки, қон босими мунтазам ортишига бепарво қараб, ўз вақтида муолажа олмасангиз, гипертония хасталиги кучаяди, натижада у миокард инфаркти ва инсультга олиб келиши, буйрак фаолиятини издан чиқариши мумкин.

Умида ТЎХТАЕВА,

Кардиолог шифокор,

тиббиёт фанлари номзоди