Май 18, 2017 770

БИОХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ - ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ

Ўзбекистон бир-биридан кескин фарқ қилувчи табиий хилма-хиллиги қорли тоғлари, серсув дарёлари, поёнсиз даштлари билан кишини мафтун этувчи жаннатмакон диёрдир.

Унинг асосий ҳудудини Турон текисликлари эгаллаган. Ўзбекистоннинг денгиз сатҳидан ҳисоблаганда энг юқори нуқтаси - Ҳисор тоғ тизмасидаги Ҳазрати султон тоғ чўққиси, энг паст нуқтаси - Марказий Қизилқумдаги Мингбулоқ ботиғидир. Мамлакат ландшафтини (табиий манзарасини ) шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин: шарқ ва жануби-шарқдаги тоғлар ва тоғолди ҳудудлари, ғарбда - чўллар ва ярим чўллар, ғарб ва шимоли ғарбда- ясси тоғлар, айниқса, ушбу минтақада тошли яйдоқ Устюрт ясси тоғлари, Амударёнинг қуйи оқимидаги текисликлар ва баъзи жойларда ясси тоғлари кўзга ташланувчи Қизилқум чўли алоҳида ажралиб туради.

Ўзбекистон атроф-муҳит муҳофазаси давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида "Фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар" деб таъкидланган. Узоқни кўзлаган ушбу оқилона сиёсат атроф-муҳитни барча томонларини - ҳавони, сув заҳираларини, тупроқни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, ер ости бойликларини, ландшафтларни ва табиий ёдгорликларни муҳофаза қилиш орқали изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ўсимлик дунёси бой ва ранг-баранг мамлакат ҳисобланади. Ҳудудида ўсимликларни 4500 яқин тури ўсади. Уларнинг 3000 дан ортиғи юқори ёввойи, шундан 270 дан кўпроғи эндемик ўсимлик ҳисобланади. Биологик ва ландшафт хилма-хиллиги Ўзбекистоннинг энг асосий миллий бойликларидан биридир.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларни йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганларини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришдек давримиз учун ўта долзарб муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистонда қўриқхоналар, буюртмахоналар ва миллий боғлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда сўнги йилларда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш борасида бир қанча жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Уларни янада жадаллаштириш-камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонлар муҳофазасини кучайтиришга, ҳамда сонини тиклашга хизмат қилиши керак.

Республикада ташкил этилган 6 тоғ (Ҳисор, Зомин, Китоб, Нурота, Сурхон, Чотқол), 3 та чўл-тўқай (Қизилқум, Бадай-Тўқай, Зарафшон) қўриқхоналари, 2 та миллий боғ (Зомин, Угом-Чотқол), 9 та буюртмахона (Арнасой, Денгизкўл, Қорақир, Қарнабчўл, Қўшрабод, Муборак, Нуробод, Актау, Сайғоқли, Судочье) ва 2 та табиий ёдгорликлардан (Вардонзе, Ёзёвон) иборат экологик тармоқ ҳайвонот ва ўсимлик оламининг мажмуий муҳофазасига ва унинг ресурсларидан барқарор фойдаланишга хизмат қилмоқда.

Нафақат республикамизда, балки бутун минтақада ягона, камёб ҳайвонларни кўпайтириш, уларни сақлаш ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи "Жайрон" экомаркази ҳам муҳофаза қилинадиган ҳудуд мақомига эга.

Республика қўриқхоналарда қизил китобга киритилган Бухоро буғуси, морхўр, Қизилқум архари, кўк суғур, Туркистон силовсини каби ҳайвонлар, йирик йиртқич қушлар ва ҳашоратлар муҳофаза остига олинган. Камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонларни ярим тутқунлик шароитида кўпайтириш, уларни сақлаб қолиш ва сонини тиклаш- истиқболли йўналиш ҳисобланади.

Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик тобора такомиллаштирилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақилигига эришгач, ўзиниг мустақил иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлига эга бўлиб, бу, ўз навбатида экологик йўналишда қонуний-ҳуқуқий базани яратиш масаласини кўндаланг қилиб қўйди.

Шу мақсадда атроф муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ҳамда юқори даражадаги халқаро меъёрларга жавоб берадиган 30 дан ортиқ қонун ва 350га яқин қонуности ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Бунинг яна бир яққол мисоли қилиб, 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонунни ҳам олишимиз мумкин.

Бундай қонунларни қабул қилиниши натижасида ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик уйғунлашиб, жамоатчиликнинг экологик муаммоларга бўлган қизиқиш ва қайғуриши ортиб бормоқда.

Йилдан йилга нодавлат нотижорат ташкилотларини тармоқлари кенгайиб бормоқда. Улар аҳоли орасида экологик тафаккурни шакллантириш ҳамда ёввойи табиатни сақлаб қолиш масалалари борасида давлат муассасалари билан, хусусан, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан фаол ҳамкорлик қилмоқдалар. Ўзбекистонда экологик муаммолар ечимини топиш жараёнида жамоатчиликни кенг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Мамлакатни барча минтақаларида экологик йўналишдаги жамоат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Ана шундай омиллар туфайли Республикада атроф мухит муҳофазаси, соғлом мухит яратиш орқали мавжуд муаммолар ечимини топишда ушбу ҳамкорлик доирасида жамоатчилик экологик назоратни олиб борилиши алоҳида ўринга эга.

Ўзбекистон Республикаси «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги Конвенцияга (1995 йил) қўшилиб, халқаро ҳамжамият олдида ўзининг миллий биологик ресурсларини муҳофаза қилиш учун жавобгарлигини эълон қилди.

Ўзбекистоннинг бу борадаги - 1997 йилдаги "Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдоси тўғрисида"ги Конвенция (CITES) ва бошқа халқаро битимларни имзоланиши биохилма-хилликни сақлашдаги катта қадамлари бўлди. Атроф-муҳитни экологик жиҳатдан соғломлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш ва биологик ресурсларни муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Биологик хилмахилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва Харакатлар режаси» (1998 йил) ишлаб чиқарилди. Қизил китобни юритиш мазкур стратегияни ажралмас таркибий қисми бўлиб, биологик хилма-хилликни сақлаш борасидаги ҳаракатнинг навбатдаги босқичидир.

Мамлакатдаги умуртқали ҳайвонларнинг ҳозирги фаунаси 105 хилдаги сут эмизувчилар, 441 турдаги қушлар, 60 турдаги судралиб юрувчилар, 3 турдаги сувда ва қуруқликда яшайдиган жониворлар ва 76 турдаги балиқлар, умуртқасизлар фаунаси эса 15000 турдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 324 турдаги ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар ва замбуруғлар, 184 турдаги ҳайвонлар киритилган ва улар доимий давлат муҳофазасига олинган.

Бугунги экологик вазиятни назорат қилишга салбий ёндашув келажакда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва экологик жиҳатдан жавоб беришга тўғри келишини кўрсатмоқда.

Мустаҳкам экологик барқарорлик ва табиат тизимининг фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлашда биологик ресурсларнинг аҳамияти тўғри тушунишини ҳар томонлама рағбатлантириш лозим бўлмоқда. Биохилма-хилликни сақлаш ва зарар етказмасдан фойдаланиш масалалари тараққиётни режалаштиришда ўз аксини топмоқда.

Шуҳратбек Турғунов,

Экоҳаракат вилоят

ҳудудий бўлинмаси

координатори.