Ноябр 15, 2018 117

БАҒРИКЕНГЛИК – ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалнинг катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида “Диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Учрашувни филиал директорининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари М.Ботиров кириш сўзи билан очиб, учрашувнинг асосий мақсади талаба-ёшларни ватанга бўлган муҳаббатини ошириш, уларни мустақил фикрлайдиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қарайдиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга бўлган, миллий менталитетимизга ёт зарарли таъсирларга қарши туришга қодир ёшлар этиб тарбиялашга, инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Андижон тумани “Далварзин” жомъе масжиди имом хатиби Искандар Ортиқов, “Ҳазрати Умар Одил” жомъе масжиди имом ҳатиби Муҳаммадали Пирқўзиев ҳамда филиалнинг “Гуманитар фанлар” кафедраси мудири, доцент Расулжон Юсупов ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланиши, мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакиллари, тили, эътиқоди, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, эътиқод эркинлиги мустаҳкамланганлиги, динимизда бировга озор бермаслик, ўзгаларнинг тинчлигига даҳл қилмаслик, тинчликни қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби эзгу ғояларни илгари сурилаётганлиги юзасидан фикр билдирди. Шунингдек, истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти эканлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганлиги ҳамда мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил бўлиб яшаётганлиги, халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалаётганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Элёрбек МАТИСАҚОВ,

Маънавият-маърифат ва иқтидорли

ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи